Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси доирасида барча соҳа ва тармоқлар сингари “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тизимидаги йирик корхоналардан бири ҳисобланган “Қўнғирот” локомотив депосида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ташкил этилганига 50 йил бўлган корхонанинг асосий иш фаолияти йўловчи ҳамда халқ хўжалиги юкларини ташиш, локомотивларни жорий таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатишдан иборат. Ҳозирда у “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятидаги юк айланмасининг асосий қисмини бажариб келмоқда.
Корхонада 9 дона ТЭ10М, 10 дона УзТЭ16М русумли юк ва йўловчи ташувчи тепловоз, 3 дона ТЭП70БС русумли йўловчи ташувчи тепловоз, 14 дона манёвр тепловози, 10 дона турли русумдаги автотранспорт мавжуд. Корхонада тепловозларни жорий таъмирлаш ва техник кўрикдан ўтказиш цехлари, шунингдек, ёқилғи, автотормоз ускуналарини, электр аппаратларини, узел ва агрегатларни таъмирлаш, ўт ўчириш ускуналарини қайта тўлдириш, механика, аккумулятор цехлари ва кимёвий техник лабораторияси фаолият олиб бормоқда.
– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда жорий этилган “Инсон қадри – олий қадрият” тамойилини қўллаб-қувватлаган ҳолда, темир йўл тизимида, хусусан, ходимлар учун хавфсиз, қулай иш шароитларини яратиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, – дейди “Қўнғирот” локомотив депоси касаба уюшмаси қўмитаси раиси Шавкат Ғанибоев. – Жорий йилнинг май – август ойларида тепловозларни жорий таъмирлаш ва техник кўрикдан ўтказиш ҳамда ёрдамчи цехлар, кимёвий техник лабораторияси тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилиб, қисқа муддат ичида фойдаланишга топширилди. Қурилиш ишлари давомида янги иситиш тизими ўрнатилиб, 2600 кв.метр майдонга иссиқ пол ётқизилди. Ишчи ходимлар учун кийиниш ва ювиниш хоналари ташкил қилинди. “Яшил макон” акцияси доирасида ҳудудга 300 дан ортиқ ниҳол экилди.
Сўнгги йилларда корхонанинг технологик жараёнларини рақамлаштириш даражасини янада ошириш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Депо навбатчилари, локомотив бригадаларига иш тақсимловчи, тезлик ўлчаш тасмаларини таҳлил қилувчи, кимёвий техник лабораторияси ходимлари тўлиқ замонавий компьютер жиҳозлари билан таъминланиб, рақамлаштирилган тартибда фаолият юритмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида ишчи ходимларнинг бўш вақтларида спорт билан шуғулланишлари учун етарли шароитлар яратиб берилди. Ишчи ходимлар учун мини футбол майдончаси ташкил этилган. Шунингдек, тренажёр зал, стол тенниси, шахмат, шашка билан шуғулланиш учун барча шароитлар йўлга қўйилган.
“Қўнғирот” локомотив депосида нафақат темир йўл тизимидаги, балки тадбиркорлар ва юридик шахсларга тегишли локомотивларни таъмирлаш, уларга техник хизмат кўрсатиш, тепловозларни ижарага бериш, турли электр двигателларни таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.