Тошкентда «Жаҳон криминологиясининг илғор тажрибалари» мавзусида I халқаро форум бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ички ишлар вазирлиги, Криминология тадқиқот институти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Венгрия, Корея, Россия, Ҳиндистон, Беларусь каби давлатлардан, халқаро ташкилотлардан вакиллар, шунингдек, мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, олимлар иштирок этмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Бекмурод Абдуллаев, Криминология тадқиқот институти бошлиғи, полковник Бахтиёр Бердиалиев мамлакатимизда криминология соҳаси ислоҳотларга мутаносиб равишда ривожланиб бораётганини қайд этди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти ташкил этилгани бу йўналишдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Тадбирда иштирокчилар криминология бўйича эришилаётган энг илғор тажрибалар билан ўртоқлашмоқда. Форум доирасида Венгрия, Қозоғистон, Германия Ҳамкорлик жамияти (GIZ), Черногория, Россия, Япония Халқаро ҳамкорлик жамияти (JICA), Ҳиндистон вакиллари билан икки томонлама ҳамкорлик меморандумлари ва ҳамкорлик дастурларини имзолаш кўзда тутилган.
Форум 31 октябргача давом этади.
Н.Абдуримова, А.Алижонов (сурат), ЎзА