Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг бош котиби Сергей Лебедев бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.

Мулоқот аввалида меҳмонларга янги таҳрирдаги Конституция ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар доирасида мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Қонунчилик палатаси фаолияти ҳамда 27 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ўз навбатида, С.Лебедев қабул учун ўзининг чексиз миннатдорлигини билдириб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида халқаро кузатувчилар сифатида иштирок этиш учун 8 та МДҲ мамлакатларидан 167 нафар кузатувчи сайлов участкаларида кузатувлар олиб борганлигини қайд этди.

Шунингдек, у сайлов участкаларида сайловчилар учун барча қулайликлар, зарур шароитлар яратилгани, жумладан, ногиронлиги бўлган фуқаролар ва кекса ёшдаги сайловчиларга бўлган эътибор ва муносабат халқаро кузатувчилар томонидан юқори баҳоланганини билдирди.

Делегация раҳбари ўз сўзида кузатув давомида сайловларга тайёргарлик кўриш жараёни бўйича кенг миқёсда ва холис баҳо олинганини, Ўзбекистонда сайловлар ҳар доимгидек уюшқоқлик билан ўтказилгани ҳамда сайлов жараёнига масъул бўлган барча тузилмаларда юқори малака ҳисси пайдо бўлганини алоҳида таъкидлади.

***  

Шунингдек, Қонунчилик палатаси Спикери Малайзия парламенти Сенати Раисининг ўринбосари Нур Жазлан Моҳамад бошчилигидаги делегация аъзолари билан ҳам учрашди.

Мулоқот давомида Нур Жазлан Моҳамад парламент сайловларига халқаро кузатувчи сифатида таклиф этилгани ҳамда илиқ ва самимий қабул учун Ўзбекистон Республикаси раҳбариятига ўз миннатдорлигини билдирди. Шунингдек, у Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришларга юксак баҳо бериб, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ҳудудларни ривожлантириш бўйича мамлакатда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасини кўрганлигини қайд этди.

Малайзия парламенти Сенати Раиси ўринбосари бўлиб ўтган сайловлар янги таҳрирдаги Конституция, янги қонунчиликка асосан аралаш сайлов тизими — мажоритар ва пропорционал шаклда ўтказилгани билан аввалги сайловлардан тубдан фарқ қилгани, партиялар томонидан депутатликка номзодлар таклиф этилган аёлларнинг улуши 40 фоиздан кам бўлмаслигини юқори баҳолади.

М.Комилова тайёрлади,

ЎзА