Бугун Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси вакиллари томонидан Ўзбекистонда бўлиб ўтган парламент сайлови дастлабки натижаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Миссия вакиллари мазкур муҳим сиёсий тадбир давомида инклюзивликни таъминлаш бўйича улкан саъй-ҳаракатлар олиб борилганини қайд этдилар. Хусусан, Марказий сайлов комиссияси томонидан депутатликка номзодлар, имконияти чекланган сайловчилар учун барча шароит яратилгани алоҳида таъкидланди.
Сайлов ҳуқуқига эга 832 минг ногирон фуқародан 105 минг нафари овоз бериш учун қўшимча ёрдамга муҳтож эди. Уларга ўз хоҳиш-иродасини билдириш имкониятини яратиш мақсадида 16 мингга яқин кўнгилли жалб этилди.
Бундан ташқари сайлов участкаларида кўзи ожиз фуқаролар учун бўртма-нуқта босма трафаретлар тайёрланди. Шунингдек, кўзи ожиз сайловчилар учун оптик кўзойнаклар тақдим этилди.
Сайлов участкаларининг барча бинолари пандуслар, чақирув тугмалари, шунингдек яширин овоз бериш учун махсус кабиналар билан жиҳозланди.
Ў.Алимов, ЎзА