Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида 25 октябрь – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Президент Администрацияси, Ҳукумат масъуллари, Сенат аъзолари, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, ички ишлар органларининг соҳавий хизматлари раҳбарлари, шахсий таркиби ҳамда фахрийлар иштирок этди.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Табрикда ички ишлар органлари ходимларининг халқимиз осойишталигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги катта хизматлари миннатдорлик билан эътироф этилди.
Ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштириш, уларни эл-юрт манфаатлари йўлида хизмат қиладиган халқчил ва профессионал тизимга айлантириш бўйича қилинган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар қайд қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг қутловида ички ишлар тизимидаги ўзгаришларнинг амалий натижасини халқимиз ўз кундалик ҳаётида доимо сезиши, ҳис этиши шартлиги таъкидланиб, тизим ходимларига эзгу тилаклар билдирилган.
Тадбирда Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов соҳа ходимларини байрам билан муборакбод этди.
– Юртимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлаш, жамоат тартиби, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашдек олижаноб вазифага ўз ҳаётини бағишлаб келаётган ходимлар, ҳарбий хизматчилар, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тингловчи-курсантлари, муҳтарам фахрийларимиз ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳамкасбларимизнинг оила аъзоларига чуқур миннатдорлик изҳор этаман, – деди П.Бобожонов. – Мустақиллик йилларида барча жабҳаларда бўлгани каби ички ишлар органлари ҳам ғоят шарафли ва масъулиятли йўлни босиб ўтди. Айниқса, кейинги саккиз йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида тизимда пухта ўйланган ва кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди.
Натижада Янги Ўзбекистонда “Барча ислоҳот ва ўзгаришлар – инсон қадрини юксалтириш учун” деган эзгу тамойилга таянган, юртимиздаги осойишталикнинг кафолати бўла оладиган, содиқ, юксак билим ва профессионал кўникмаларга эга ватанпарвар кадрларни ўзида жамлаган янги тизим яратилди.
Давлатимиз раҳбари “Агар давлат таянадиган асосий устун қонун бўлса, унинг кучини амалда намоён этадиган энг самарали тизим, бу – ички ишлар соҳаси, десак айни ҳақиқат бўлади”, деб таъкидлагани юксак ишонч бўлиши билан бирга соҳа ходимлари зиммасига юксак масъулият ҳам юклайди.
Тадбирда сафдор, сержант, офицер ва генераллар ҳамда муҳтарам фахрийларнинг эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдек машаққатли, шу билан бирга, шарафли хизматлари муносиб эътироф этилди.
Президентимизнинг куни кеча эълон қилинган фармони билан мамлакатимиз ички ишлар органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, Ватанимиз осойишталиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, тинчлик, барқарорликни мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги ибратли ва намунали фаолияти, шарафли бурчини бажаришда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги алоҳида хизматлари учун бир гуруҳ ходимлар Ватанимизнинг юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Мукофотларни ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ўз эгаларига топширди.
Бир гуруҳ ходимлар вазирликнинг идоравий кўкрак нишонлари, қимматбаҳо эсдалик совғалари ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
Шундан сўнг тадбирга ташриф буюрган мартабали меҳмонлар, давлат органлари ва ташкилотлари мутасаддилари ички ишлар органлари ходимларини байрам билан табриклади.
Президентимиз ташаббуси билан соҳада амалга оширилган ислоҳотлар, замонавий техник воситалар билан таъминлаш, хизмат шароитини яхшилаш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ишончли ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида сўз борди. Халқ манфаатларига хизмат қиладиган, юксак билим ва профессионал кўникмаларга эга ватанпарвар ходимларнинг тинчлик ва осойишталикни таъминлаш йўлидаги хизматларига юксак баҳо берилди.
Тадбирга санъаткорларнинг чиқишлари ўзгача файз бағишлади.
Норгул Абдураимова, ЎзА