Яқинда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котиби Асад Мажид Хон ўртасида учрашув ўтказилди.

Мулоқот чоғида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик, жумладан, ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида савдо, транспорт ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш ва келгуси режаларни муҳокама қилди.

Қайд этилганидек, ИҲТ 1985 йилда Теҳронда ташкил этилган. У минтақавий давлатлараро ташкилот бўлиб, ҳозир унга 10 та давлат, яъни Озарбайжон, Афғонистон, Эрон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия аъзо ҳисобланади.

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, сўнгги йилларда иқтисодиётда эришилган ютуқлар, 2025-2030 йилларга мўлжалланган режалар ва ИҲТ мамлакатлари ҳудудида транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.

Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олди.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА