Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Ш.Аминов иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда сайлов жараёнида қонунийликни таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилди.

Таъкидланганидек, 2024 йил 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови кўтаринки руҳда ўтказилди.

Сайлов куни прокуратура органларига жами 7 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 4 тасида сайлов комиссиялари томонидан фуқароларга таклифнома берилмагани айтиб ўтилган. Ушбу мурожаатлар тезкор ўрганилиб, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи таъминланган. Битта мурожаат сайловолди ташвиқоти жараёнига оид, биттаси овоз бериш тартиби бузилгани тўғрисида, яна биттаси эса сайловга тайёргарлик кўришдаги ташкилий ишлар билан боғлиқ.

Таъкидланганидек, сайлов қонунчилиги бузилишига оид ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги материаллар ўрганиб борилмоқда. Бир нафар шахс сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартибларини бузгани боис маъмурий жавобгарликка тортилган.

Сайлов жараёнини ўтказишда қонунийликни таъминлаш, амалдаги қонунларга риоя этиш ҳолатлари мунтазам кузатиб борилди ва Бош прокуратуранинг расмий сайтида маълумотлар тақдим этилди.

Муҳтарама Комилова,

Иброҳим, Душанов (сурат),

Ёқуб Мелибоев (видео),

ЎзА