2024 йил 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови уюшқоқлик билан ўтказилди.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида сайлов якунлари бўйича брифинглар ташкил этилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Ш.Полвонов иштирокидаги брифингда сайлов жараёни иштирокчиларининг қонунчиликка тўлиқ риоя этишлари ва ҳуқуқларини самарали амалга оширилишини таъминлаш борасидаги ишлар тўғрисида маълумотлар берилди.

Қайд этилганидек, амалдаги қонунларимизда сайловга оид қонунчиликни бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Сайловолди ташвиқоти давомида ахборот ҳамда ташвиқот материалларига қасддан шикаст етказиш ҳуқуқбузарлигига оид 2 та иш судлар томонидан кўриб чиқилган.

Куни кеча ўтказилган сайлов жараёнлари бўйича республика судларига бошқа мурожаатлар бўлмагани айтиб ўтилди.

Шунингдек, сайловга тайёргарлик кўриш жараёнлари бошланганидан бугунги кунга қадар сайлов ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш, уларнинг ишларига тўсқинлик қилиш, мурожаатларини кўриб чиқишни ғайриқонуний тарзда рад этиш, кўриб чиқиш муддатларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари судларга келиб тушмаган.

Шу билан бирга, сайловни ташкил қилиш, уни ўтказиш вақтида мансабдор шахслар, сиёсий партиялар ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари ёхуд сайлов комиссиялари аъзолари томонидан овоз беришнинг яширинлигини бузиш ва сайлов қонунчилигини бошқача тарзда бузишга оид жиноят ишлари ҳам судларнинг иш юритувига келиб тушмаган.

Фуқаролар томонидан сайлов комиссияларига ҳуқуқлари бузилгани тўғрисидаги мурожаатларига берилган жавобларидан норози бўлиб, судларга ариза (шикоят) келтирилмаган. Фуқаролар томонидан сайлов комиссияларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб, уларнинг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш масаласида ҳам судларга шикоятлар келиб тушмагани қайд этилди.

Бундан ташқари, брифингда хорижий давлатлардаги ваколатхоналарда ташкил этилган 57 та участка сайлов комиссиялари қарорлари масаласида ҳам мурожаатлар келиб тушмагани айтиб ўтилди. Сайлов жараёни қонун нормаларига мувофиқ юқори савияда ўтгани эътироф этилди.

Муҳтарама Комилова,  

Ёқуб Мелибоев (видео),  

ЎзА