Бугун Олмалиқда ОКМК ва Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси, Қаршида “Насаф” ва Самарқанднинг “Динамо” клуби баҳслари билан Ўзбекистон чемпионати суперлигасининг 22-тури ниҳоясига етади.
Куни кеча Тошкентда “Бунёдкор” ва Жиззахнинг “Сўғдиёна” клублари ўртасида ушбу тур доирасида қизиқарли баҳс бўлиб ўтди. Ҳар иккала жамоага очколар сув ва ҳаводек зарур бўлганлиги сабаб, ўйин кескин ва муросасиз курашлар остида кечди. Тошкентлик “Қалдирғочлар” суперлигада жон сақлаб қолиши учун ғалаба қозониши талаб этилар эди. Бу учрашувдаги ғалаба жиззахлик “Бўрилар”ни эса турнир жадвалида иккинчи поғонага олиб чиқарди. Қолаверса, 4-ўринни эгаллаб турган “Пахтакор”нинг ушбу турда Қарши шаҳрида кутилмаганда “Қизилқум”(Навоий)дан мағлубиятга учраганидан унумли фойдаланиб, пойтахтликлар билан орадаги фарқни 4 очкога ошириб олган бўларди.
Ўйиннинг биринчи бўлими ҳам, иккинчиси ҳам асосан меҳмонларнинг устунлигида ўтди. Тўпга эгалик қилиш, рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятларни яратиш, бурчак ва жарима зарбалари бўйича ҳам меҳмонларнинг устунлиги яққол сезилиб турди. Лекин футболда “Сен гол урмасанг, сенга уришади” деган гап бор. Бу гап ушбу учрашувда ҳам ўз исботини топди. Иккинчи бўлимнинг 71-дақиқасида “Бунёдкор”нинг кам сонли ҳужумларидан бирини пойтахтликларнинг легионер футболчиси Луис Качорри голга айлантирди – 1:0.
Медаллар учун кураш олиб бораётган “Сўғдиёна” жамоасини ҳам, унинг бош мураббийи Иван Бошковични ҳам бу ҳисоб қаноатлантирмас эди. Шу сабаб захирадан янги кучлар майдонга ташланди. Шундоғ ҳам майдонда устунлик қилиб турган меҳмонлар “Бунёдкор” жарима майдонида тўлиқ “қамал”ни юзага келтирди.
Тошкетликлар бош мураббийи Илёс Зийтуллаевнинг ҳисобни ушлаб қолиш тўғрисидаги кўрсатмасига асосан мезбонлар бутун жамоа бўлиб ҳимояга “ётиб олди”. Бугунги “Сўғдиёна”га қарши битта тўп фарқни сақлаб қолиш қийин эканини 21-турда Жиззахда ОКМК билан кечган ўйин ҳам кўрсатган эди. Бу гал ҳам худди ўшандай бўлди. Ўйиннинг 88-дақиқасида захирадан майдонга тушган жиззахликларнинг ёш иқтидорли футболчиси Самандаржон Мавлонқулов тажрибали жамоадоши Олег Зотеев узатган тўпини боши билан дарвозага йўллаб, ўртадаги фарқни йўққа чиқарди – 1:1.
Ўйиндаги яна бир эсда қоларли ҳолат меҳмонлар бош мураббийи Иван Бошковичнинг 90(+1)-дақиқада асабларини жиловлай олмасдан ўйин маҳали майдонга тушиб, учрашув бош ҳаками Достон Мирзарайимов билан тортишгани бўлди. Оқибатда бош мураббий қизил карточка билан майдондан четлатилди. Шу сабаб ўйиндан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар ёрдамчи мураббийи Раде Петрович иштирок этди.
– “Бунёдкор”ни бир очко билан табриклайман ва уларга омад тилайман. Биз бугун бутун чемпионат давомидаги энг яхши ўйинларимиздан бирини ўтказдик. Рақиб деярли вазиятлар ярата олмади, лекин биргина вазият яратиб, ундан унумли фойдаланди. Ҳали олдинда тўртта баҳс бор ва биз кумуш медаль учун курашишда давом этамиз, – дея фикр билдирди ёрдамчи мураббий Раде Петрович.
Ушбу 22-турнинг ўтган ўйинларида қуйидаги натижалар қайд этилди: “Навбаҳор” (Наманган) – “Металлург” (Бекобод) – 1:0, “Сурхон” (Термиз) – “Локомотив” (Тошкент) – 2:1, “Андижон” (Андижон) – “Олимпик” (Тошкент) – 1:0, “Қизилқум” – “Пахтакор” – 2:0.
Турнир жадвалида ҳамон Қашқадарё вилоятининг “Насаф” жамоаси 21 учрашувдан 46 очко жамғарган ҳода якка пешқадам бўлиб турибди. Худди шунча учрашувдан 39 очко жамғарган ОКМК иккинчи, 22 учрашувдан 37 очко йиққан “Сўғдиёна” эса учинчи ўринда бормоқда. 22 ўйиндан бор-йўғи 15 очко жамғариб, турнир жадвалининг энг сўнггида турган Бекободнинг “Металлург” жамоаси бу йил суперлигани тарк этса, ажабмас.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири