Ватанимиз тарихидаги 28 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1910 йил (бундан 114 йил олдин) – Туркистон генерал-губернаторлиги марказий маҳкамасида алоҳида кенгаш чақирилиб, унда сув йўлларидаги кемачиликнинг ҳолати мухокама қилинди ва сув йўлларини Темир йўллар вазирлиги ихтиёрига ўтказиш таклиф этилди. Генерал-губернаторлик ҳузуридаги кенгаш ишининг ниҳоясида дастлабки даврда Амударё, Сирдарё, Орол денгизи ва Иссиқкўлда кемачилик техник назоратини ташкил этишга оид қарор қабул килинади.

1917 йил (бундан 107 йил олдин) – Наманган шаҳар Думаси ўз фаолиятини бошлади. Икки кундан сўнг Наманган шаҳар бошқармаси ташкил этилди. Янги ташкил этилган шаҳар Думаси раиси этиб нотариус М.В.Покровский, шаҳар бошқармасига эса Е.В.Обонинцский сайланди.

1937 йил (бундан 87 йил олдин) – Хоразм Халқ Совет Республикаси ҳарбий ишлар нозири, алоҳида Ўзбек отлиқ аскарлар полкининг командири ва комиссари, 19-тоғли отлиқ Ўзбек дивизияси командири лавозимларида ишлаган Миркомил Миршаропов совет режими томонидан Майкопда қамоққа олинди. У Ўзбек дивизиясини миллийлаштириш ва бу дивизия ёрдамида Ўзбекистонни СССР таркибидан ажратиб олиш ва мустақил давлатни барпо этишга уринишда айбланди. Дастлабки Ўзбек дивизияси тарқатиб юборилди ҳамда Миркомил Миршаропов бошчилигида 18 нафар ўзбек ҳарбий командирлари ва аскарлари Тошкент атрофида 1938 йил 10 октябрда отиб ташланди.

1941 йил (бундан 83 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукуматининг қарори асосида Фарғона ўрмон ҳўжалиги ташкил этилди. Ташкилий ишлар тажрибали ўрмончи Борис Савицкий томонидан олиб борилди. Директорликка Эгамберди Мирзаҳмедов тайинланди. Бу пайтда хўжалик ихтиёрида 29 минг 557 гектар ўрмон ерлари бўлиб, Шоҳимардон, Миндон, Каптархона, Дўрмон, Турбат ўрмончилик бўлимларидан иборат эди.

1943 йил (бундан 81 йил олдин) – “Ўзбек театр жамияти” ташкил этилди. Унга Ўзбекистон ССР Министрлар совети қошидаги Санъат ишлари бўйича бошқарма бошлиғи Раҳмонов раис этиб тайинланди. М.Ашрафий, С.Эшонтўраева, Ҳ.Носирова, Тамарахоним, М.П.Верхацкий, М.К.Вулконский, В.И.Шнейдерман, А.И.Бочкарева, В.Н.Флигельманлар эса жамият аъзолари этиб тайинланишди.

1993 йил (бундан 31 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси билан Ғарбий Африкадаги Гана Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди.

2017 йил (бундан 7 йил олдин) – Андижонда “Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларининг жаҳон маданияти тарихида тутган ўрни” мавзусида халқаро анжуман ўтказилди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида яратган илмий асарлари ҳамда Бобур ва Бобурийлар меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишдаги улкан хизматлари учун россиялик олима Анна Дыбо, бобуршунослар Мирмаҳмуд Мирсайдуллаев, Шокирхон Рустамхўжаев, туркиялик бобуршунос олим Южел Билол Бобур халқаро мукофоти билан тақдирланди.

2021 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2022 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси қабул қилинди.

2023 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларга тўланиши лозим бўлган маблағларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

 Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади