27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови халқаро меъёрлар ва стандартларга ҳамда миллий сайлов қонунчилигимиз, унда белгиланган очиқлик, ошкоралик ва адолат каби демократик принципларга тўла мос ҳолда, кўтаринки руҳда ўтди.

Бу йил янгиланган Конституция ва миллий сайлов қонунчилигига биноан мамлакатимиз тарихида илк бор парламент сайлови аралаш – мажоритар ва пропорционал сайлов тизими асосида ташкил этилди. Эрталабдан юртимизнинг барча ҳудудида парламент ва маҳаллий Кенгаш депутатлари сайлови фаоллик билан бошланиб, 11 минг 28 та сайлов участкаларида фуқаролар ўз фуқаролик бурчини амалга оширдилар. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 40 та хорижий давлатдаги дипломатик ва консуллик муассасалари ҳузуридаги 57 та сайлов участкасида хориждаги ватандошларимиз сайлаш ҳуқуқидан фойдаланди.

Жорий йилги сайловда Сайлов жараёнини бошқаришнинг автоматлашган тизимидаги сайловчиларнинг электрон рўйхатига мамлакатимиздаги 19 миллион 944 минг 859 нафар сайловчи киритилган. Бундан ташқари, чет эллардаги сайловчиларимиз 165 минг 631 нафарни ташкил этди.

“Менинг танловим – обод Ватаним!” шиори остида ўтган сайловларда мамлакатимизда фаолият юритаётган бешта сиёсий партия – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси, Халқ демократик партияси,  “Адолат” социал-демократик партияси томонидан кўрсатилган номзодлар рақобатга киришди. Ўзбекистон тарихида биринчи марта сиёсий партиялар томонидан барча даражадаги депутатлик ўринларига 100 фоиз номзодлар кўрсатилди. Жумладан, Қонунчилик палатасига жами 875 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларига жами 3 минг 625 нафар, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига жами 24 минг 850 нафар номзод кўрсатилди.

Бу йилги сайловда “E-saylov” ахборот тизими ишга туширилгани муҳим аҳамият касб этди. Бу тизим орқали сиёсий партиялар номзодларнинг қонунчилик талабларига мослиги ҳолати бўйича сайлов комиссиялари билан тезкор ишлаш имкониятига эга бўлди. Янги тизим фуқаролар учун ҳам сайловга доир ахборотларни олишда кўплаб қулайликлар яратди ва сайловга тайёргарлик жараёнида ўзининг афзаллигини тўла намоён қилди.

16-23 октябрь кунлари бўлиб ўтган муддатидан олдин овоз бериш жараёнида мамлакатимиз ҳудудида 1 миллион 15 минг 948 нафар, хорижда эса 132 минг 667 нафар сайловчи овоз берди.

Мамлакатимиз тарихида илк маротаба Тошкент шаҳридаги айрим сайлов участкаларида электрон овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш тажриба-синов тариқасида жорий этилди. Шунингдек, сайлов жараёнини реал вақт режимида (онлайн) видео-трансляция қилиш мақсадида мамлакатимизнинг туман ва шаҳарлари ҳудудидаги тегишли техник талабларга мувофиқ бўлган сайлов участкаларида видеокамералар ўрнатилди.

Юртимизда янги тизим асосида бўлиб ўтган сайловни кузатишда  850 дан ортиқ хорижий ва халқаро кузатувчи иштирок этди. Шунингдек, сиёсий партиялардан 55 минг нафар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 10 минг нафардан зиёд кузатувчи сайловни бевосита кузатиб борди. Маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг аккредитациядан ўтказилган мингдан ортиқ вакили юртимиздаги ушбу муҳим жараённи фаоллик билан кенг ёритди.

Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказида комиссия раиси ва ўринбосари ҳамда вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида брифинглар ташкил қилиниб, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва халқаро кузатувчиларга сайлов жараёнининг бориши тўғрисида маълумотлар тақдим этилди.

Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров иштирокида бўлиб ўтган брифингда соат 17:00 ҳолатига республикамиздаги жами сайловчиларнинг 14 милллион 264 минг 994 нафари ёки 71,52 фоизи овоз беришда иштирок этгани қайд этилди. Қонунчиликка кўра, жами сайловчиларнинг 33 фоизи овоз беришда иштирок этса, сайлов ўтган деб ҳисобланади. Айни рақамлар мамлакатимизда сайлов ўтган деб ҳисоблашга асос бўлади.

Сайловнинг якуний натижалари 2024 йил 28 октябрь куни эълон қилинади.

Муҳтарама КОМИЛОВА,

ЎзА мухбири