Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – сайлов қизғин давом этмоқда.
Пойтахтимиздаги 576-сайлов участкасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева оила аъзолари билан келиб, овоз берди.
– Бугунги сайлов жараёни мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар туфайли халқимизнинг дунёқараши ўзгарганини кўрсатиб турибди, – деди Т.Норбоева. – Яъни, аҳоли янада фаоллашган. Бунинг энг асосий сабаби шуки, улар бу жараёнга дахлдорлигини чуқур ҳис қилиб, ўз хоҳиш-иродасини билдирмоқда. Зеро, ҳар бир юртдошимизнинг сайловларда иштирок этишидан асосий мақсад ўзининг, оиласи, фарзандлари, неваралари, Ватани келажагига таъсир кўрсатишдир.
Шунинг учун мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсон, ёши, жинсидан қатъи назар, Конституциямиздаги ўзгартиришларга биноан сайловларда фаол иштирок қилмоқда. Бу, жуда қувонарли ҳолат. Сайлов натижалари, шубҳасиз, халқимизнинг, оиламизнинг, юртимизнинг тинчлиги, фаровонлигига хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
Носир Ҳайдаров (сурат),
ЎзА