Хитойнинг Уси шаҳрида триатлон бўйича Осиё очиқ кубогининг навбатдаги босқич беллашувлари бўлиб ўтди. Унда Жереми Куиндос иштирок этиб, мамлакатимиз шарафини муваффақиятли ҳимоя қилди.
Олимпия масофаларида ўтказилган беллашувларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Жереми Куиндос маррага учинчи бўлиб етиб келди ҳамда бронза медали билан тақдирланди. Шунингдек, ушбу мусобақада руминиялик Феликс Душампт олтин, нейтрал спортчи Денис Колобродов кумуш медалига сазовор бўлди.
Маълумот ўрнида: Жереми Куиндос 2011-2023 йиллар давомида Франция терма жамоаси аъзоси сифатида бир неча мусобақаларда иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олган. Жорий йилнинг июль ойида у Ўзбекистон терма жамоаси сафига ўтган. Жереми ўтган ойда Қозоғистонда триатлон бўйича ўтказилган Осиё кубогида терма жамоамизга бронза медалини келтирган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА