Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга А380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўлининг янгидан қурилган қисмининг фойдаланишга топширилиши нафақат Оролбўйида, балки мамлакатимиздаги тарихий воқеалардан бири бўлди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Автомобил йўллари қўмитаси, Транспорт вазирлиги мутасаддилари, фаоллар ва ёшлар, маҳаллий аҳоли, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, ушбу воқеанинг гувоҳи бўлишди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 30 декабрдаги “2023 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Осиё Тараққиёт банки иштирокида Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот тумани ҳудудида халқаро аҳамиятдаги А380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўлида 240 километрли цемент-бетон қопламали янги йўл барпо этилди.Лойиҳанинг умумий қиймати 383,4 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, шундан Осиё Тараққиёт банкининг маблағи – 274,2 миллион АҚШ долларини, Ўзбекистон Республикасининг улуши эса 104,2 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Қурилиш ишлари 2020-2024 йилларда амалга оширилди. Жорий йилда 240 километр йўл қисмини мукаммал реконструкция қилиш лойиҳаси якунланиб, фойдаланишга топширилди.
Мазкур автомобиль йўлини икки тасмали цемент-бетон қопламали йўлга айлантириш ишлари Туркиянинг “Пўлат йўл япи сан ве Тик СА” ва Озарбайжоннинг “Норд Вест Констракшин” қўшма корхоналари, шунингдек, Хитойнинг “China Road and Bridge Corporation” компанияси томонидан амалга оширилди.
Амалга оширилган лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири халқаро ва давлат миқёсидаги автомобиль йўлини халқаро стандартлар ва андозалар талабларига мос равишда юқори даражадаги сифатли ҳолатга келтиришдир.
Шу билан бирга, лойиҳа бўйича йўлнинг ўтказувчанлик қобилияти ошиб, таъмирлаш ва эксплуатация қилиш харажатлари қарийб 2,5 баробар иқтисод қилиниши, халқаро ва транзит юк ташишлар, шу жумладан, йўловчи ташишлар ҳажми бир неча баробарга оширилиши, реконструкция қилинган йўл қисмида ҳалокатли йўл-транспорт ҳодисаларининг сони 2 баробарга камайтирилиши, лойиҳа қисмида йўлга сарфланадиган вақт 2,2 баробарга тежалиши, минтақалар бўйича ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши, шу жумладан,маҳаллий аҳоли турмуш даражасининг янги инфратузилма ва реконструкция қилинадиган йўллар ҳисобига оширилишини таъминлаш, автомобиль йўлининг атроф-муҳитга салбий таъсирини минималлаштиришга эришилади.
– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Оролбўйини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари, Қорақалпоғистон кенгаши раиси, сенатор Улуғбек Жалменов. –Янгидан қурилган автомагистралнинг фойдаланишга топширилиши тантанали маросимида Президентимиз таъкидлаганидек, бу йўл юртимизни Европа бозорлари билан ишончли боғлайдиган логистика тармоғига айланиши билан бирга, янги йўл атрофида барпо этилган савдо-сервис объекти ва саноат корхоналари ҳисобидан кўплаб иш ўринлари ташкил қилинади. Энг асосийси, ушбу магистрал йўл ўтадиган туманлар аҳолисининг ҳаёти ўзгаради.
Жаҳон стандартларига мос, сифатли қуриб битказилган мазкур автомобиль йўли кўп йиллар давомида халқимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари