Cербиянинг Врнячка-Баня шаҳрида шахмат бўйича клублар ўртасидаги «European Chess Club Cup» мусобақаси якунланди.

Бу йилги қитъа кубогида 84 та эркаклар жамоаси ғолиблик учун кураш олиб борди. Ушбу нуфузли мусобақада мамлакатимизнинг 3 нафар маҳоратли шахматчисининг иштирок этгани ўзига хос воқелик бўлди.

Кеча кубок баҳсларининг сўнгги 7-турида Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров иштирок этган «SuperChess» жамоаси мусобақа пешқадами «Novy Bor Chess Club» жамоаси билан куч синашди. Абдусатторов қора доналарда германиялик Винсент Кеймер, Синдоров вьетнамлик Ван Тай Нгуен билан дурангга эришган бўлса-да, жамоасини мағлубиятдан қутқара олмади. Ҳисоб 2,5:3,5 кўринишида «Novy Bor Chess Club» фойдасига ҳал бўлди. Бу эса «SuperChess»нинг совриндорлар қаторидан жой эгаллашини йўққа чиқарди.

Нодирбек Ёқуббоевнинг «TAJFUN-ŠK Ljubljana» жамоаси 7-турда «Sentimento Ajka BSK» билан (3:3) муроса йўлини танлади. Ушбу турда Ёқуббоев сербиялик халқаро гроссмейстер Алексей Саранани мағлуб этди.

Ўйинлар сарҳисобига кўра, Абдусатторов ва Синдоров жамоасидан устун келган «Novy Bor Chess Club» жамоаси 13 очко билан Европа кубоги соҳиби бўлди.

2-ўринни 12 очкога эга «Alkaloid» жамоаси эгаллади. 11 очко жамғарган «Vados Chess Club» қўшимча кўрсаткичлар билан 3-ўриндан жой олди. Ёқуббоев шарафини ҳимоя қилган «TAJFUN-ŠK Ljubljana» жамоаси 5-ўринни, «SuperChess» эса 10 очко жамғарганлар орасида энг яхши натижа эвазига 7-поғонани эгаллади.

Т.Рўзиев, ЎзА