Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида Москва давлат спорт ва туризм университети ректори, профессор Наталя Масягина ҳамда Туризм ва меҳмондўстлик саноати институти директори Александр Иванцовдан бошчилигидаги делегация аъзолари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масаласида учрашув ташкил этилди.

Мулоқот давомида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, қишки спорт турларини ривожлантириш, малакали мутахассислар, ёш олимларнинг тажриба алмашинуви ва ҳамжиҳатликда илмий лойиҳалар устида ишлаш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди ҳамда таълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Рашид Маткаримов меҳмонларга мамлакатимизда спорт таълимини ривожлантириш, юртимизда ўтказилаётган халқаро спорт мусобақалари, келгуси йили пойтахтимизда ўтказиладиган “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ва Параосиё ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик, бунёд этилаётган “Олимпия шаҳарчаси”, оммавий спортни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот берди.

Учрашувда Наталя Масягинага Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети фахрий профессори унвони топширилди.

Т.Рўзиев, ЎзА