Бугун, 25 октябрь куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 22-тури бошланади. Миллий чемпионатимизнинг илк кунида “Сурхон” – “Локомотив” ва “Навбаҳор” – “Металлург” клублари ўртасидаги ўйинга гувоҳ бўламиз.
Намангандаги “Марказий” стадионида ўтадиган “Навбаҳор” – “Металлург” учрашуви соат 18:15 да старт олади. Ушбу баҳсни Тўрабек Суюнов бош ҳакам сифатида ўтказади. Унга қанотларда Сардор Ҳакимов ва Маҳмуд Турдиев ёрдам беради.
Икки жамоанинг ўзаро ўйинлар статистикасига эътибор қаратсак, клублар Суперлига (олий лига)да шу кунгача 55 маротаба ўзаро рўбарў келган. Ўтказилган ўйинларнинг 24 тасида “Навбаҳор” ғалаба қозонган бўлса, 13 та учрашувда “Металлург” жамоаси зафар қучган. 18 та баҳс дуранг билан якунланган. Тўплар нисбатида ҳам устунлик Наманган шаҳри жамоаси фойдасига 78/53. 1998 йилдан бугунга қадар ўтказилган ўйинларда наманганликлар 90 очко, бекободликлар эса 57 очко жамғарган. “Навбаҳор”нинг “Металлург” устидан қозонган энг йирик ғалабаси 7:0 бўлса, “Металлург” эришган энг йирик ғалаба 5:1 бўлиб турибди.
Наманганда шу кунга қадар ўтказилган учрашувларда “Навбаҳор” бўлажак рақибга деярли имконият бермаган. Ўтказилган 27 та ўйиннинг 19 тасида “лочинлар” ғалаба қозонган, 7 та баҳсда дуранг қайд этилган. Фақатгина 1 марта, яъни 2016 йили бекободликлар зафар қучган. Умуман олганда, “Металлург” 2019 йилдан буён “Навбаҳор”ни ҳеч бир ўйинда мағлуб этолмаяпти.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, мазкур жамоаларнинг биринчи даврада Олмалиқда бўлиб ўтган баҳсида 1:1 ҳисоби қайд этилган бўлиб, учрашувдаги голларга “Металлург”дан Искандар Шайқулов (77), “Навбаҳор”дан эса Тома Табатадзе (15) муаллифлик қилган.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Суперлигасининг 22-тур учрашувлари 25-28 октябрь кунлари ўтказилади. Шу кунлар давомида “Қизилқум” –“Пахтакор”, “Андижон” – “Олимпик”, “Бунёдкор” – “Сўғдиёна“, “ОКМК” – “Нефтчи”, “Динамо” – “Насаф” баҳслари бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА