24 октябрь куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенати мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Ялпи мажлиснинг иккинчи куни дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокамаси бўлиб ўтди.
Қонунда озодликдан маҳрум этилган шахсларни улар жазо ўташини давом эттириш учун, шунингдек, руҳий касалликка чалинган шахсларни мажбурий даволаш учун бериш ва қабул қилиш асослари, шартлари ҳамда рад этиш тўғрисидаги қоидаларни киритиш назарда тутилган.
Қонун хорижий давлатлар судлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тартиби, шахсларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар ва бошқа масалаларга доир қоидаларни қамраб олган.
Қонунда маҳкумларни жазони ўташни давом эттириш ёхуд руҳий касалликка чалинган шахсларни мажбурий даволаш учун Ўзбекистон Республикасига қабул қилиш тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ҳам аниқ белгиланмоқда.
Мазкур қоидалар белгиланиши миллий қонунчиликда маҳкумларни топшириш тартибининг норматив-ҳуқуқий асосини шакллантириб, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалар бўйича ўзининг мажбуриятларини янада тўлиқ даражада ижро этишига имконият беради.
Муҳокама давомида қонун маҳкумни унга белгиланган жазони ўз давлатида ўташи орқали уни ижтимоий реабилитация қилишни жадаллаштиришга, шунингдек, хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоя қилинишига хизмат қилиши таъкидланди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг Сенатнинг эллик тўққизинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 206 ва 248-моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш, пробация бўлинмалари назорати остидаги шахсларнинг хулқ-атвори устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш бўйича янги тизим яратилди. Бу борада 2024 йил 7 август куни “Пробация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди.
Ушбу тизим доирасида маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, маънавий ва жисмоний жиҳатдан ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, бугунги кунда мамлакатимизда маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахслар ўртасида кенг қамровли профилактика чора-тадбирлари амалга оширилишига қарамасдан маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахслар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар сони ортиб бормоқда.
Бу эса мазкур йўналишдаги ҳуқуқий таъсир чораларининг қайта кўриб чиқилишини талаб этмоқда.
2023 йилда маъмурий назорат қонуни таъсири остига тушувчи 5 529 нафар шахсга нисбатан маъмурий назорат ўрнатилган. 2024 йилнинг 9 ойида 5 689 нафарни ташкил этган ва бу тоифадаги шахслар 160 нафарга ортган.
Бундан ташқари, 2023 йилда 83 763 нафар шахс ички ишлар органларининг пробация назоратида турган бўлса, 2024 йилнинг 9 ойида бу кўрсаткич 86 226 нафарни ташкил этган, яъни жорий йилда бундай шахслар 2 463 тага кўпайган.
2023 йилда маъмурий назоратда турган 4 167 нафар шахс судлар томонидан ўрнатилган тақиқ (чеклов)ларга риоя қилмаганлиги учун уларга биринчи маротаба маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. 2024 йилнинг 9 ойида 3 153 нафар шахсга маъмурий баённомалар тузилган.
Айнан шу тоифадаги шахслар судлар томонидан белгиланган тақиқ (чеклов)ларга бир неча бор риоя қилмаганлиги учун 2023 йилда 717 нафар ва 2024 йилнинг 9 ойида эса 637 нафар шахс Жиноят кодексининг 226-моддаси (Маъмурий назорат қоидаларини бузиш) бўйича жавобгарликка тортилган.
Бугунги кунда суд томонидан белгиланган чекловлар ва мажбуриятларга риоя этмаётган пробация назоратидаги шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилаётгани туфайли, шу жумладан, оғир ёки ўта оғир жиноятларнинг олдини олиш бўйича тезкор ҳамда таъсирчан чоралар кўрилишини таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари пробация бўлинмалари ходимларига қўшимча ваколатларни бериш зарурати юзага келмоқда.
Шу боис Ички ишлар вазирлиги томонидан назорат остида турган махсус тоифа шахслар ўртасида қонун устуворлигини таъминлаш, уларда қонунга итоаткор хулқ-атворни, инсонга, меҳнатга, ижтимоий турмуш қоидалари ва анъаналарига ҳурмат муносабатини шакллантириш мақсадида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Муҳокама қилинган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 206-моддаси санкция қисмига амалда бўлган жарима жазосидан ташқари маъмурий қамоқ жазоси ҳам киритилмоқда.
Пробация бўлинмалари ходимларининг назорати остидаги шахс томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда унга нисбатан маъмурий баённома тузиш учун уни ҳудудийлик жиҳатдан яқин орада жойлашган таянч пункти профилактика инспекторининг олдига олиб бориб, маъмурий баённома расмийлаштириш керак, бу пробация ходимининг иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиб, ортиқча вақт сарфланишига сабаб бўлмоқда.
Шу боис муҳокама қилинаётган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 248-моддаси тўртинчи қисмига қўшимча ва ўзгартириш киритиш орқали ички ишлар органларининг 1852 ва 187-моддалари бўйича пробация назоратидаги шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомани тузиш ваколатини пробация хизматининг катта инспектори ва инспекторига бериш нормаси белгилаб қўйилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши махсус тоифадаги шахслар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича аниқланган жойнинг ўзида таъсир чораларини қўллашга, ушбу тоифа шахслар билан олиб борилаётган ишлар самарадорлигининг ошишига ҳамда фуқароларнинг беҳуда оворагарчиликларининг олди олинишига хизмат қилади.
Муҳокамадан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Бугунги кунда миллий процессуал қонунчилик ҳужжатларида электрон (рақамли) далиллар тушунчаси, улардан фойдаланиш тартиби ва шу билан боғлиқ масалалар назарда тутилмаган. Электрон (рақамли) далилларга қандай маълумотлар киритилиши ҳақидаги масалалар ҳуқуқий тартибга солинмаган.
Шу сабабли мазкур қонун билан амалдаги қатор кодекслар ва қонунларга электрон маълумотлар ҳамда рақамли далиллар тушунчаси, рақамли далилларни тўплаш, тақдим этиш, мустаҳкамлаш, кўздан кечириш, текшириш ва баҳолаш, уларни сақлаш, қайтариш, шунингдек, йўқ қилиш тартибини белгиловчи тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Жумладан, электрон маълумотларга электрон қурилмалардан ва ахборот тизимларидан, шунингдек, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда яратиладиган, ишлов бериладиган ҳамда сақланадиган маълумотлар кириши қайд этилмоқда.
Мазкур қонун билан терговга қадар текширувни амалга ошираётган органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд тергов ва суд жараёнлари иштирокчилари томонидан тақдим этилган электрон маълумотларни мутахассис иштирокида қабул қилиб олиши, электрон маълумотлар мавжуд бўлган бирламчи электрон жисмларни кўздан кечириши кераклиги борасида аниқ тартиб белгиланмоқда.
Шунингдек, қонунда рақамли далиллар тушунчаси ҳам қайд этилмоқда. Унга кўра иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги электрон маълумотлар, шу жумладан, электрон файллар, аудио- ва видеоёзувлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғида сақланаётган ва бошқа электрон маълумотлар рақамли далил бўлиши мумкинлиги кўрсатилмоқда.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилашга, қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этишга ҳамда одил судлов сифатини ошириш ва суд иш юритувини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шу билан бирга, Сенатнинг эллик тўққизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Бугунги кунда ноқонуний ов қилиш, браконьерлик туфайли ҳайвонот ва наботот турлари сони тобора камайиб бормоқда. Натижада экологик вазият кескинлашяпти, бу эса жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Қурилиш ва бошқа ишларни амалга оширишда кимёвий, биологик ва бактериологик воситалардан фойдаланган ҳолда қасддан дарахтларни қуритиш ҳолатлари учраётганини ОАВ орқали кўриб гувоҳи бўлмоқдамиз.
Шунингдек, сув ҳавзаларида турли ноқонуний усуллар ёрдамида, хусусан, электр токи, портловчи ва кимёвий моддалар ҳамда биологик препаратларни қўллаган ҳолда балиқ овлаш ортиб бормоқда. Бу балиқ захиралари қирилиб кетишига, турларини йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Амалдаги қонунчилигимизда бундай қилмишлар учун жазо чораларининг енгиллиги эса браконьерларга жуда қўл келмоқда.
Боз устига, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари давлат инспекторининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик, кўрсатмаларини бажармаслик учун белгиланган санкция мазкур йўналишдаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини таъминлаш имконини бермаяпти.
Таъкидланганидек, таклиф этилаётган қонун билан амалдаги 2 та кодекс ва 2 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Жумладан, Жиноят кодексига ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, электр токини, портловчи, кимёвий моддаларни ёки биологик препаратларни қўллаган ҳолда ов қилиш ёхуд балиқ овлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан 600 бараваригача жарима белгиланмоқда ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинмоқда, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда. Оғирлаштирувчи ҳолатларда қўшимча жазо сифатида муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси ҳам киритилмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузганлик учун кўзда тутилган жарималар миқдори икки бараварга оширилмоқда.
Кимёвий, биологик ва бактериологик воситалардан фойдаланган ҳолда, шунингдек, бинолар, иншоотлар ёки бошқа объектларни қуриш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ёхуд ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуриш ҳамда капитал таъмирлаш вақтида дарахтларга, буталарга ёки бошқа ўсимликларга қасддан шикаст етказиш, пайҳон ва нобуд қилиш ҳуқуқбузарликлари учун жавобгарлик белгиланиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 бараваридан 50 бараваригача, мансабдор шахсларга эса базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 60 бараваридан 75 бараваригача жарима назарда тутилмоқда.
Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузганлик, шунингдек, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик эса 2 бараварга оширилмоқда.
Шу билан бирга, Экология давлат инспекторининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик, кўрсатмаларини бажармаганлик учун жавобгарлик кучайтирилиб, фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача мансабдор шахсларга эса 20 бараваридан 30 бараваригача жарима белгиланмоқда.
“Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги ҳамда “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонунлар нормалари ўзаро мувофиқлаштирилиб, ушбу қонунлардаги ов қуроли, шу жумладан, балиқ овлаш қуроли билан боғлиқ ҳуқуқий бўшлиқлар бартараф этилмоқда.
Қайд этилганидек, қонуннинг қабул қилиниши ноқонуний ов қилиш ҳолатларининг олдини олиш орқали биологик ресурсларни муҳофаза қилишга, дарахт ва буталар нобуд қилинишининг олдини олишга, давлат экологик назорати институти самарадорлигини оширишга, мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлашга, табиий ресурсларни кафолатланган ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ялпи мажлисда “Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳақ тўланадиган таътиллар тўғрисидаги 132-сонли Конвенциясини (1970 йилда қайта кўриб чиқилган) (Женева, 1970 йил 24 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Халқаро меҳнат ташкилоти билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари янада кенгайиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Конвенцияда меҳнат муносабатларида ходимларнинг меҳнат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлари, шу жумладан, дам олиш ва ҳақ тўланадиган таътиллардан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлаш чораларини янада кучайтириш каби масалалар назарда тутилмоқда.
Конвенция барча соҳаларда ишлайдиган ходимларга дам олиш ва ишлаш қобилиятини қайта тиклаш учун иш ўрни (лавозими) ҳамда ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда ҳар иш йили учун бериладиган таътилларни таъминлашга замин яратади.
Қайд этилганидек, шу кунга қадар ушбу Конвенция 38 та давлат томонидан ратификация қилинган.
Конвенциянинг қабул қилиниши келгусида халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан муносабатларда Ўзбекистоннинг ижобий имижини янада юксалтиришга ҳамда халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини юқори поғоналарга кўтаришга имкон яратади.
Шунингдек, барча соҳаларда ишловчи ходимларнинг дам олиш ва ҳақ тўланадиган таътиллардан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро стандартларни амалиётга самарали жорий этишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Бундан ташқари, сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Ялпи мажлисда жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 15 та масала, шу жумладан, 14 та қонун кўриб чиқилди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати