Ердан оқилона ва самарали фойдаланиш борасида амалга оширилган қатор ишлар натижасида аҳолининг ерга бўлган муносабати тубдан ўзгарди. Аммо соҳада ҳануз айрим камчиликлар сақланиб қолаётир.

Шу сабабли, қонунчиликни янада такомиллаштириш зарурияти юзага келди. “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ер участкаларидан самарали фойдаланиш, соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун шу мақсадда ишлаб чиқилган.

Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган қонун билан ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузганлик билан боғлиқ қилмишлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.

Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш каби жиноятлар фақатгина прокуратура органлари томонидан тергов қилиниши белгиланмоқда.

Амалдаги қонунчиликка кўра, бундай турдаги жиноятларни тергов қилиш нафақат прокуратура, балки ички ишлар органлари терговчилари томонидан ҳам амалга оширилар эди.

Иқтисодий ва Фуқаролик процессуал кодекслари cудларда ўзбошимчалик билан эгалланган давлат эгалигидаги ер участкаларини қайтариш ҳамда ноқонуний қурилмаларни бузиб ташлашга оид ишларни кўриб чиқишнинг алоҳида тартибини белгиловчи нормалар билан тўлдирилмоқда.

Шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фуқаролик ва иқтисодий судларга ер тўғрисидаги қонун бузилиши билан боғлиқ даъво ариза киритишда давлат божидан озод этилиши белгиланмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун ер участкаларига нисбатан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлиги ошишига, жиноятлар бўйича етказилган зарарнинг ўз вақтида ундирилишига хизмат қилади.

Н.Абдураимова,

Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА