Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017-йил 17-январдаги «Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги, шунингдек, Президентимизнинг 2017 йил 28 феврал кунги «2017-2018 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бантлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги» қарорлар ижросига бағишланган матбуот конференцияси бўлиб ўтти.

Тадбирда  Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси раиси Д.Бабожонов, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Қорақалпоғистон Республикаси бош бошқармаси раиси ўринбосари А.Абдукаримов, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси худудий бошқарма раиси Б.Кусекеев, Мўйноқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Қурбониёзов ва бошқалар нутқ сўзлаб, юқорида қайд этилган қарорлар ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтди.

Таъқидланганидек, Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг бевосита раҳбарлигида Оролбўйи минтақасини, шу жумладан, Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий томондан ривожлантириш, ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, қарор ижросини таъминлаш доирасида «Саҳродаги Лувр» деб номланган И.В. Савицкий номидаги давлат санъат музейининг 2 ва 3 блоклари фойдаланишга топширилиши, Хўжайли шаҳридаги Миздакхон эсдалик мажмуасидаги Назлымхон сулыў, Шамун Набий, Чимбой туманидаги Ақымбет бақши, Мўйноқ туманидаги Сулаймон Бақирғоний (Ҳоким ота), Буғрахон махвараларида олиб борилаётган таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари буюк ота-боболаримиз хотираларига бўлган ҳурмат намунаси бўлди. Шунинг билан бирга, экологик ҳудудда яшаётган аҳоли соғлигини мустаҳкамлаш ва уларга кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифатини ошириш юзасидан қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг халқимизга бўлган алоҳида эътибори ҳамда ғамхўрлиги натижасида мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар тўламларининг миқдори икки ҳиссага, республикамиздаги пенсионерларга, ногиронларга, талаба ёшлар билан кам таъминланган оила аъзоларига темир йўл ва авиа чипта нархлари 50 фоизгача арзонлаштирилди.

Республикамизни 2017-2018-йилларда комплекс ривожлантириш дастурини бажариш бўйича жорий йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида 98 та лойиҳани молиялаштириш учун тижорат банклари томонидан жами  617,4 миллиард сумдан ортиқ инвестиция кредит маблағлари ажратилди. Юқорида қайд этилган қарор асосида Мўйноқ туманида 72 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган бўлса, шундан бугунги кунгача 56 таси ишга туширилди. Натижада 527 янги иш ўрни яратилди.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги мухбири.