Қорақалпоғистон Республикаси маркази – Нукус шаҳридан 450 км олисдаги “Довут-ота” чегара божхона постига туташ ҳудуддаги олти гектар майдонда улкан божхона терминали қурилишининг якуний босқичи жадаллик билан давом этмоқда.
Ҳозирда асосий конструктив ишлар бажарилиб, пардозлаш ва ички муҳандислик тармоқларини ўтказиш ишлари якунланмоқда. Қурилиш жараёнларига 150 нафардан зиёд қурувчи ва 30 дан зиёд махсус қурилиш техникаси жалб этилган.
Божхона ва юк операцияларини амалга ошириш учун замонавий ва барча қулайликларга эга терминал таркибида келгусида божхона, фитосанитария, ветеринария ва бошқа тегишли назорат органларининг расмийлаштирув маркази, товарлар билан юк операцияларини амалга ошириш учун омбор, божхона кўригини амалга ошириш майдончаси, бир вақтнинг ўзида 350 та юк автотранспорт воситасини жойлаштириш имкониятига эга темир-бетон қопламали автотураргоҳ, ҳайдовчилар учун меҳмонхона ва ошхона, транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият юритади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.