Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.

Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлис видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилмоқда.

Мажлис кун тартибига “Телекоммуникациялар тўғрисида”, “Давлат сирлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида” қонунлар киритилган.

Шунингдек, Солиқ кодексига, Солиқ кодексининг 483-моддасига, Солиқ ҳамда Божхона кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, айрим қонун ҳужжатларига ер участкаларидан самарали фойдаланиш, соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, Қуролли Кучларнинг ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, Жиноят-процессуал кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 206 ва 248-моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш билан боғлиқ қонунлар муҳокама қилинади.

Айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритишга оид масалалар кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, “Рус тили бўйича халқаро ташкилотни таъсис этиш тўғрисидаги Шартномани (Бишкек, 2023 йил 13 октябрь), Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳақ тўланадиган таътиллар тўғрисидаги 132-сонли Конвенциясининг (1970 йилда қайта кўриб чиқилган) (Женева, 1970 йил 24 июнь) ратификация қилиниши кутилмоқда.

Мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида сайтимизда ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!

Н.Абдураимова,

Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА