Бугун Чехия Республикаси ташқи ишлар вазири Ян Липавский бошчилигидаги делегация Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ташриф буюрди.

Кўплаб сиёсий экспертлар ва талабаларни жамлаган тадбир аввалида ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев нутқ сўзлаб, сўнгги йилларда Чехия ва Ўзбекистон муносабатида сезиларли олдинга силжиш кузатилаётганига урғу берди.

– Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Европа парламенти доирасида доим бир-биримизни қўллаб-қувватлаб келамиз, – деди Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари. – Давлатларимиз иқтисодиётни юксалтириш йўлидаги ҳамкорлик ҳар қачонгидан юқори поғонага кўтарилмоқда. Бугунги меҳмонимиз, жаноб Липавский бутун дунё мамлакатларини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал қилиш учун сиёсий дипломатия ресурсларини тарғиб қилиш ва қўллаш, турли минтақа, цивилизация, маданият ва динлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлашда жуда фаол. Биз айни жараён бардавом бўлишидан умидвормиз. Қолаверса, кўп йилдан бери таклиф қилинаётган Европа ва Марказий Осиёни боғловчи транспорт йўлини яратиш борасидаги умумий саъй-ҳаракатни янада кучайтиришимиз керак. Бугун Чехия Республикаси расмий доира вакиллари билан академик ва талабалар алмашинуви дастурини муҳокама қилдик. Ўйлайманки, шерикликка ҳар икки томонда қизиқиш кучли.

Учрашув давомида Ян Липавскийнинг геосиёсат масаласи ва икки давлат ўртасидаги азалий муносабатлар тўғрисидаги маърузаси ҳам тингланди.

– Ер юзидаги сўнгги воқеалар асносида халқаро қонунлар кўп бор четлаб ўтилётганига гувоҳ бўляпмиз, – дейди вазир. – Маълумки, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган. Айни ҳолат мамлакатдан доимий ҳушёрликни талаб қилади.

Тадбир сўнгида хорижий делегация аъзолари талабаларнинг мавзуга оид саволларига батафсил жавоб қайтарди.

Мусулмон Зиё, Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА