Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинганининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирокчиларни Ўзбек тили байрами ҳамда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 35 йиллиги билан муборакбод этди.

Таъкидланганидек, тилимизга бўлган ҳурмат бу кўп миллатли халқимизнинг маънавий дунёсини янада бойитишга, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва уларни улуғлашга қаратилган ғамхўрликнинг ифодасидир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ўзбек тилини чуқур ўрганиш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ва қўллаш доирасини кенгайтириш, филолог кадрларни тайёрлаш чораларининг янги босқичларга кўтарилгани мамлакатимизда давлат тилига бўлган алоҳида эътибор ифодасидир.

Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада, аввало, ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир. Чунки, давлат тилининг софлиги – бу юртимиз тараққиёти ҳамда халқимиз келажагини белгилайди. У ўсиб келаётган ёшларни она-Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда ва миллий урф-одат, анъаналаримизни асраб-авайлашда муҳим ўрин тутади.

Байрам тадбирида сўз олганлар Президентимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини оширишга қаратилаётган эътиборга тўхталди.

Тадбирда санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди. Ўзбек тили байрамига бағишланган тадбирлар Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида давом этмоқда.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.