Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросидан узоқ муддатли кузатувчилар Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида бўлиб, комиссия фаолияти билан яқиндан танишди.

Меҳмонлар дастлаб, сайлов комиссияси жойлашган бинода комиссия фаолияти ва сайловга оид пешлавҳалар билан танишди ва уларда акс этган кўринишлар бўйича маълумот олди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳузуридаги Матбуот маркази ҳамда комиссия аъзоларининг иш хоналари, конференция залида бўлди.

Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Зийуатдин Камалов билан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси раҳбари Уэйк Дуглас ҳамда делегация аъзолари иштирокида  мулоқот ўтказилди.

Мулоқот чоғида меҳмонларга жорий йил 27 октябрда мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловлари ўтказилиши ва унинг ўзига хос хусусиятлари бўйича маълумот берилди.

Шунингдек, мулоқот давомида кузатувчилар миссияси вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам атрофлича жавоб олди. Хусусан, жойлардаги сайлов комиссияларининг сайловларгача ўқув семинарларида иштирок этганлиги, тажрибалари, шу билан бирга Қорақалпоғистоннинг чекка туманларида сайловчилар сони ва сайловни ўтказишга кўрилаётган тайёргарликлар юзасидан маълумотларга эга бўлди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),  

ЎзА.