O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетда “Эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” шиори остида сайловолди тарғибот тадбири ташкил қилинди.
Унда O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳайитов, парламентга ва маҳаллий Кенгаш депутатлигига номзодлар, тадбиркор ва фермерлар, партия фаоллари, талаба ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Учрашувда сўзга чиққанлар партиянинг сайловолди дастурида 5 та мақсад ва 500 та вазифани ўзида акс этганлиги, дастурда барча соҳалар бўйича аниқ мақсад ва вазифалар илгари сурилганлигини қайд этди. Айниқса, сайловолди дастурида ёшлар йўналиши бўйича таълим тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, 2030 йилгача битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш кўлами 50 фоизга етказилиши учун барча чораларни сафарбар қилиниши режалаштирилган. Жаҳондаги “Топ-500”даги хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма ўқув дастури ва “икки дипломли тизим”ни жорий этиш олий таълим тизими такомиллашувига хизмат қилади.
Ёшларни “Топ-100” глобал рўйхатга кирган университетларда таълим олиши учун валютада узоқ муддатли ва имтиёзли кредитлар бериш амалиётини жорий этиш борасидаги вазифалар ижросини назоратга олинишини таъминлайди. Олий таълим муассасаларида илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш ва илмий салоҳиятни 70 фоизга етказишга эришилади. Келгуси йилларда олийгоҳлар учун қўшимча 120 минг ўринли ўқув бинолари ва 150 минг ўринли талабалар турар жойларини қуриш борасидаги вазифалар белгиланмоқда.
Учрашув давомида талаба ёшлар ҳам O’zLiDeP ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.