Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 35 йиллиги муносабати билан тадбир ташкил этилди.

Унда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Д.Абдуллаев ва бошқалар сўзга чиқиб, она тили илмни ўлчайдиган тарози эканлигини, аждодлардан бизга мерос бўлиб, ҳамиша улуғланиб келаётган тилимизга давлат тили мақоми берилганининг ўттиз беш йиллиги билан барчани самимий қутлади.

Тил бизнинг ўтмишимизни, бугунимизни ва келажагимизни кўрсатиб, миллий қадриятларимизни ва ўзлигимизни сақлаб қолишда муҳим омил эканлиги алоҳида таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда ўзбек тилининг нуфузини янада ошириш ва уни жаҳонга танитиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, бу борада  эришилаётган ижобий натижалар қайд этилди.

Мурғак гўдаклик чоғимиздан қалбимизда она тилига бўлган меҳр ва чексиз муҳаббат туйғуси шаклланган. Инсон зоти борки, қалбидаги энг беғубор орзуларини она тилида ифода этади.

Тадбирнинг бадиий қисмида иқтидорли талаба-ёшлар томонидан тилимизнинг жозибасини ўзида намоён этувчи шеърлар ўқилди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири.