Сайлов – 2024
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, шунингдек шаҳар ва туман Кенгашларига депутатлар сайловини ўтказиш ва унга тайёргарлик кўриш жараёни қизғин давом этмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарори жойларда ташкил этилган 654 участка сайлов комиссиясининг 6 минг 998 нафар аъзолари таркиби тасдиқланган. Уларнинг 5 минг 631 нафари аввал ҳам шу муҳим сиёсий тадбирларда иштирок этган тажрибали ходимлардир.
– 27 октябрда бўлиб ўтадиган сайловга пухта тайёргарлик кўрилмоқда, – дейди Нукус шаҳридаги 9-участка сайлов комиссияси раиси Маҳмуд Жолдасов. – Сайлов қонунчилигида белгиланган тартибда сайлов комиссияси ўз фаолиятини олиб бориши учун зарур жиҳозлар, ҳуқуқий адабиётлар билан таъминланди. Айни вақтда комиссия аъзолари ҳудуддаги сайловчилар рўйхатини яна бир бор хатловдан ўтказиб, календарь режага мувофиқ белгиланган ишларни амалга оширмоқдалар.
Сайлов куни кекса ёшдаги ёки бетоблиги ва бошқа сабабларга кўра сайлов участкасига кела олмайдиган сайловчилар учун хонадонига бориб овоз беришни ташкил этиш учун махсус кўчма сайлов қутилари келтирилган. Шунингдек, ногиронлиги бор шахслар сайлов участкасига келиб овоз бериши учун зарур шароитлар яратилган.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА