Бурятия делегацияси Оролбўйида
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Ерманов Россия Федерацияси Бурятия Республикасидан келган делегация аъзолари билан учрашди.
Тадбирда сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, гуманитар соҳалар ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳудудлари билан қатор йўналишлар бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, бугун бу алоқалар янада мустаҳкамланмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Бурятия Республикаси билан ўзаро ҳамкорлик, инвестициявий янги лойиҳалар, туризм, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги соҳаларида истиқболли лойиҳаларни ишга тушириш масалалари юзасидан музокаралар олиб борилди.
Меҳнат ярмаркаси ўтказилди
Чимбой туман прокурори, 2-сектор раҳбари Р.Халмуратов ташаббуси билан “Темир йўл гузари” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Унда ишсиз ёшлар, алимент ундирувига қаратилган ишсиз, шунингдек, доимий иш ўринларига муҳтожлиги бўлган жами 60 нафардан ортиқ фуқаро иштирок этди.
Ярмаркага туман ҳудудидаги 89 та ташкилот, корхона ва тадбиркорлик субъекти жами 322 та бўш иш ўрни билан иштирок этди. Тадбир натижасига кўра 14 нафар фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. 4 нафар ишсиз ёш касбга тайёрлаш ўқув курсларига юборилди. Бундан ташқари, 27 нафар фуқарога бандлик муносабатларига оид ҳуқуқий маслаҳат берилди.
Болалар боғчаси фойдаланишга топширилди
Амударё тумани Қорамон маҳалласида 150 ўринли замонавий мактабгача таълим ташкилоти биноси фойдаланишга топширилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мазкур бинонинг қурилиши маҳалла аҳли учун жуда катта хайрли ишлардан бири бўлганлигини, эндиликда қишлоқ аёлларининг мушкули янада осон бўлишини алоҳида таъкидлади. “Mang‘it invest maximum” масъулияти чекланган жамият қурувчи ташкилоти томонидан 6,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига замонавий шароитларга эга бўлган муассаса биноси ўз муддатида фойдаланишга топширилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.