Лондон ва Берлин яқин келажакда “тарихий” ҳарбий битим тузади, деб ёзди “The Times” газетаси Британия мудофаа вазири Жон Хилига таяниб.
Битим Бирлашган Қироллик ва Германия кучларига НАТОнинг Россия билан шарқий чегарасида, катта эҳтимол билан Эстония ва Литвада қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиш, шунингдек, биргаликда кўпроқ қурол сотиб олиш ва янги авлод қуролларини ишлаб чиқариш бўйича яқинроқ ҳамкорлик қилиш имконини беради.
Буюк Британия мудофаа вазири Хилининг фикрича, Берлин билан келишув Буюк Британиянинг 2010 йилда Франция билан тузилган ҳарбий келишувдан кейинги энг муҳим икки томонлама келишуви бўлади.
Нашр манбасининг айтишича, Германия билан тузилган келишувни Лондон Европа Иттифоқи билан ҳарбий ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлидаги биринчи қадам сифатида кўрмоқда. Унинг сўзларига кўра, Буюк Британия 2025 йилда Брюссель билан ушбу соҳада янада мазмунли музокаралар ўтказишни режалаштирмоқда.
Сўнгги йилларда Россия ғарбий чегаралари яқинида НАТОнинг фаоллиги ошди. Альянс ўз ташаббусларини кенгайтириб, буни “Россия агрессиясини тўхтатиш” деб атамоқда.