Яқинда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов ва Баҳрайн Савдо-саноат палатаси ижрочи директори Атиф Муҳаммад Ал-Ҳажа ўртасида учрашув ташкил этилди.

Ўзаро суҳбат чоғида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма тадбирларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Баҳрайннинг алюминий ишлаб чиқариш бўйича тажрибасидан келиб чиқиб, ушбу ўлканинг “Aluminium Bahrain” (Alba) алюминий ишлаб чиқарувчи йирик компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича фикр алмашилди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар 2024 йил охиригача Ўзбекистон ва Баҳрайн ишбилармон доиралари делегациясининг ўзаро ташрифини ташкил этиш, шунингдек, алюминий ишлаб чиқариш йўналишида ҳамкорлик қилиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

М.Пирматова, ЎзА