Мамлакатимиздаги нуфузли тиббиёт муассасаларидан бири – Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги маркази ташкил этилганига 50 йил бўлди.

Бугунги кунда Марказ ўз таркибида 14 та ҳудудий филиал, 46 та туманлараро перинатал марказ, 170 дан ортиқ туғуруқ комплекси ва 209 та Аёллар маслаҳатхонасини бирлаштирган. Марказ дунёдаги етакчи тиббиёт марказлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиб, тиббий диагностика ва даволашнинг илғор усулларини клиник амалиётга кенг жорий этмоқда. Хусусан, гинекология йўналишида йилига 1300 дан ортиқ жарроҳлик операциялари муваффақиятли амалга оширилиб, 36 турдаги юқори технологик операциялар йўлга қўйилган.

Марказнинг юртимиздаги давлат даволаш муассасалари орасида биринчи бўлиб халқаро аккредитациядан ўтгани унинг нуфузи нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам ортиб бораётганини кўрсатади.

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг 50 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда ушбу ютуқлар эътироф этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси вакиллари, Ҳукумат аъзолари, сенатор ва депутатлар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, тизимга қарашли даволаш-профилактика муассасалари, тиббиёт олий ўқув юртлари масъуллари ҳамда хорижлик олимлар, тадқиқотчилар ва соҳа фахрийлари иштирок этди.

Тадбир аввалида Президент Администрациясининг Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов Президентимизнинг Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази жамоасига табригини ўқиб эшиттирди.

“Сўнгги йилларда инсон қадрини улуғлашга қаратилган дастурларимиз доирасида она ва бола саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратаётганимиз албатта, бежиз эмас. Чунки бу юртимиздаги ҳар бир инсон ва оила, бутун жамиятнинг бахти ва келажаги билан боғлиқ ғоят муҳим масаладир.

Шу мақсадда тиббиётимизнинг ушбу етакчи тизими илғор хорижий тажриба ва замонавий ёндашувлар асосида ислоҳ қилиниб, унинг моддий-техник, илмий-методик базаси, кадрлар салоҳияти, таркибий тузилмаси тубдан такомиллаштирилди.

Айниқса, ўтган йили тарихий анъаналарга эга бўлган учта муассаса негизида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказини ташкил этганимиз бу йўлдаги катта қадам бўлди. Натижада мамлакатимизда 9 миллион 200 минг нафардан зиёд туғиш ёшидаги аёлларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда ҳомила саломатлигини назорат қилиб боришнинг яхлит ва вертикал бошқариш тизими яратилди, такомиллаштирилган тиббий профилактика ҳамда патронаж хизматлари йўлга қўйилди“, – дейилади табрикда.

Давлатимиз раҳбари табригида таъкидланганидек, инсон, жумладан, она ва бола саломатлигига нисбатан хавф-хатарлар тобора кўпайиб бораётган ҳозирги мураккаб замонда бу борада олдимизда янада долзарб вазифалар пайдо бўлмоқда. Бу эса барчамиздан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ меҳнат, изланиш ва сафарбарликни талаб этмоқда.

Тадбирда “Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг 50 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида“ги Президент фармонига мувофиқ йигирмага яқин соҳа фидойилари фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди.

Мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ўз эгаларига топшириб, Марказ жамоасини ушбу қутлуғ сана билан табриклади.

Анжуман доирасида мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ хорижлик тиббиёт олимлари ҳамда юртимиз шифокорларига “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси“ кўкрак нишони топширилди.

Шунингдек, тадбирда қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва хорижий ҳамкорларнинг конференция иштирокчиларига йўллаган видеотабриклари намойиш этилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА