18 октябрь куни Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-977-сон) билан айрим қонун ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қонун билан айрим қонунларга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг зиммасига дафн этиш учун нафақани бериш вазифасини юклатишга, унинг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатларини белгилашга, шунингдек фуқаролик ишлари бўйича судларга ва маъмурий судларга мурожаат қилишда давлат божини тўлашдан озод этишга тааллуқли ўзгартиришлар киритилмоқда.

Бундан ташқари, ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган кексаларга қараб турилган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланиши учун даволаш муассасасининг хулосаси талаб этилмаслиги, шунингдек ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга, ёлғиз яшовчи кексаларга ва ногиронлиги бўлган шахсларга шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилиши назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, умрбод таъминлаш шарти билан уйни (квартирани) бошқа шахсга беришга доир битимлар ва умрбод рента шартномаси тўғрисидаги, шунингдек васийликдаги шахснинг мол-мулкини тақсимлашга доир битимлар ҳамда унинг тақдирини ҳал қилишга қаратилган бошқа битимлар ҳақидаги маълумотлар «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига тақдим этилиши белгиланмоқда.

Қонунга кўра, “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар, ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар йўқолган ёхуд яроқсиз ҳолга келган ID-картасини ёки биометрик паспортини алмаштиришда давлат божини тўлашдан озод қилинишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шунингдек, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги шахсларни вақтинча рўйхатга олишда ҳам давлат божи ундирилмайди.

Бундан ташқари, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат томонидан иккиламчи бозордан олинган уй-жойни уларнинг номига расмийлаштириш учун нотариал ҳаракатларни амалга оширишда давлат божини тўлашдан озод қилиниши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга, ёлғиз яшовчи кексаларга ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳомийлик қилиш учун йўналтирилган маблағлар солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланадиган харажатлар жумласига киритилиши назарда тутилмоқда.

ЎзА