Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 апрелдаги “Ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларда Фанлар академияси академиклари иштирокида дарс ўтиш амалиёти йўлга қўйилди.
Шу асосда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори, академик A.Реймов Беруний туманидаги ихтисослаштирилган мактабда бўлиб, ўқувчилар билан учрaшди. Суҳбат давомида академик мамлакатимизда ёшларга яратилган имкониятлар ҳақида сўзлади. Жумладан, ёшларга таълим, илмий изланишлар ва ижодий ривожланиш учун кўплаб дастурлар ва лойиҳалар амалга оширилаётгани, айниқса, фан ва технология соҳасидаги ютуқларга эришиш йўлида давлат томонидан эътибор берилаётганини таъкидлади.
Шундан сўнг, мактабнинг табиий фанлар йўналиши 11-синф ўқувчилари билан гетероҳалқали бирикмалар мавзусида дарс машғулотлари олиб борилди. Ушбу дарсда органик кимёнинг мураккаб қисмларидан бири бўлган гетероҳалқали бирикмаларни ўрганиш, уларнинг кимёвий хоссалари, тузилиши ва амалий аҳамияти ҳақида маълумот берилди.
Дарснинг мақсади ўқувчиларнинг илмий тафаккурини кенгайтириш, органик кимё бўйича амалий билимларини мустаҳкамлашдан иборат. Дарс мобайнида фаол иштирок этган ўқувчиларга академик томонидан китоблар совға қилинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири