Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани марказида янги савдо мажмуаси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда сектор раҳбарлари, иқтисодий комплекс, тадбиркорлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Мазкур мажмуа тадбиркор Умрбек Нуримбетов раҳбарлигидаги “ERIZON MALL” маъсулияти чекланган жамият томонидан ўз маблағи ҳисобидан бунёд қилинди. Эътиборли жиҳати шундаки, бу ердаги маҳсулотлар аҳолига нисбатан арзон нархларда тақдим этилади.
Тадбирда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида кўплаб имтиёзлар берилмоқда. Айниқса, Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик субъектлари учун ўндан ортиқ фармон ва қарорнинг қабул қилиниши ҳамда жорий йил 20 август куни тадбиркорлар билан учрашувнинг Нукус шаҳрида ўтказилиши бунинг яққол мисоли эканлиги таъкидланди. Шунингдек, туманда сўнгги 3 ой мобайнида 60 дан зиёд хизмат кўрсатиш, саноат, савдо шохобчалари каби тадбиркорлик субъекти ишга туширилиб, янгидан 800 дан ортиқ ишчи ўрни ташкил этилди.
– Янги савдо мажмуа туман марказининг янада кўркам ва файзли кўриниш олишида озми-кўпми ҳисса қўшганидан мамнунмиз, – дейди биз билан суҳбатда тадбиркор У.Нуримбетов. – Мажмуа иш бошлаши билан бу ерда 30 нафар маҳаллий ёш доимий иш билан таъминланди.
Ушбу замонавий савдо мажмуасининг барпо этилиши нафақат иш ўринларини яратилиши, балки аҳоли учун барча турдаги сифатли маҳсулотларни арзон нархларда сотиш ва самарали хизмат кўрсатишга қаратилган.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.