Пойтахтимизда IV Тошкент Аксилкоррупция форуми ўз ишини бошлади.
Форумда Финляндия, Грузия, Қозоғистон, Корея, Литва, Малайзия, АҚШ, Озарбайжон, Хитой, Гонгконг, Тожикистон каби давлатларнинг антикоррупция идоралари, бир қатор халқаро ташкилотлар раҳбарияти ва ходимлари, халқаро экспертлар ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этмоқда.
Айни пайтда форумнинг ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Форумнинг очилишида Олий Мажлис Сенати вакиллари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тоиво Клар, БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии, БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Афғонистон, Марказий Осиё, Эрон ва Покистон бўйича минтақавий вакили доктор Оливер Столпе ва Германия халқаро ҳамкорлик ташкилотининг «Самарали давлат бошқаруви» дастури менежери, доктор Виктор Кесслер чиқиш қилади.
Мазкур нуфузли форум Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Европа Иттифоқи, Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти ва БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.
Н. Абдураимова, Н. Ҳайдаров (сурат), ЎзА