Пойтахтимизда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида нуфузли халқаро конференция ўтказилмоқда.

Мазкур конференция иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев табрик йўллади.

Уни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.

Табрикда таъкидланганидек, янги Ўзбекистонда буюк аждодларимиз меросини мукаммал ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда. Бир қатор маърифий марказларнинг ташкил этилгани алломаларнинг асарларини ўрганиш ва тарғиб этиш имконини бермоқда. Тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш долзарб масала бўлиб турибди. Конференция иши ҳам ислом динининг олижаноб ва эзгу ғояларини очиб беришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ушбу нуфузли анжуман ишида Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Иордания, Ўмон, Россия, АҚШ, Франция, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ҳиндистон ва Покистон каби 22 мамлакатдан 70 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дин арбоблари, муфтийлар ва таниқли уламолар иштирок этмоқда.

Конференциядан кўзланган асосий мақсад шиддатли глобаллашув шароитида ислом дини қадриятлари, унинг тинчликпарварлик моҳиятини кенг тарғиб қилиш, ёшларни диний бағрикенглик ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда ислом динига ёт радикал қарашларга қарши муросасизлик туйғусини шакллантириш ва бунда Ўзбекистон тажрибасини, динийлик ва дунёвийлик мувозанатини сақлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини халқаро жамоатчиликка етказишдан иборатдир.

Назокат Усмонова,  Аслиддин Алижонов (сурат)

ЎзА