Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Космик фазо, шу жумладан Ой ва бошқа самовий жисмларни тадқиқ қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича давлатларнинг фаолият тамойиллари тўғрисида”ги шартномага (Лондон, Москва ва Вашингтон, 1967 йил 27 январ) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақидаги Қонуни имзоланди.
Бу давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 23 ноябрь санасидаги “Космик тармоқни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “2022-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг космик тармоғини янада ривожлантиришга қаратилган “Йўл харитаси”га мувофиқ амалга оширилмоқда.
Қайд этиш лозим, “Космик фазо, шу жумладан Ой ва бошқа самовий жисмларни тадқиқ қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича давлатларнинг фаолият тамойиллари тўғрисида”ги Шартнома АҚШ, Буюк Британия ва Совет Иттифоқи томонидан 1967 йил 27 январда имзоланган ва 1967 йил 10 октябрдан кучга кирган. Бугунги кунда унга 114 та давлат қўшилган. Мазкур ҳужжат космик фазонинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берувчи 17 та моддани ўз ичига олади.
Шартномага қўшилиш Ўзбекистон учун бир қатор халқаро космик ҳуқуқларни тақдим этади. Хусусан, ҳеч қандай дискриминациясиз космик фазо ва самовий жисмларни тадқиқ қилиш ва улардан тинч мақсадларда фойдаланиш, ортиқча тўсиқларсиз эркин тарзда илмий тадқиқотлар ўтказиш, бу борада давлатлараро тенгликка эга бўлиш, учирилган космик объектлар ва уларнинг экипажлари устидан юрисдикция ҳамда назоратни сақлаб қолиш, космик соҳада фаолият юритувчи давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш орқали технологиялар трансферини жадаллаштириш каби кўплаб нормалар шулар жумласидандир.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг “Космик фазо, шу жумладан Ой ва бошқа самовий жисмларни тадқиқ қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича давлатларнинг фаолият тамойиллари тўғрисида”ги шартномага қўшилиши бўйича қабул қилинган қонун, мамлакатимизнинг космик соҳадаги ҳуқуқий тизими халқаро умумэътироф этилган принциплар ва нормаларга асосланган ҳолда ривожланаётганидан далолат беради.
Н.Раҳмонова, ЎзА