Туризм қўмитасида “BBC Studios France” телевизион корпорацияси ижрочи продюсери Жак Тома Ришар билан “Top Gear France” автомобиль шоусининг Ўзбекистонга бағишланган махсус сонини суратга олиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ўртасида ушбу лойиҳани амалга оширишнинг барча муҳим жиҳатларини қамраб оладиган ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур шоу доирасида тасвирларни мамлакатимизнинг ҳар жиҳатдан жозибадорлигини очиб берадиган жойлари, жумладан, шаҳарларнинг замонавий ва тарихий қисмлари, чўл ва тоғли зоналарда олиш ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш юзасидан келишиб олинди.
Туризм қўмитасининг ЎзАга маълум қилишича, ҳудудлар ва жалб қилинадиган автомобиллар масаласида жорий йил ноябрь ойида ижодий гуруҳ ташрифи ташкил қилинади.
Ушбу машҳур шоунинг мамлакатимизда суратга олиниши ва кенг оммага тақдим этилиши француз ва инглиз тилли сегментда Ўзбекистоннинг бой маданияти, тарихи, туризм салоҳиятини намоён қилиш йўлида муҳим лойиҳалардандир.
Б.Худойбердиев, ЎзА