СиёсатТанлаш

Рўйхатдан ўтинг
09:02 / 11.10.2024

Душанбе шаҳрида «Тожикистон Республикаси Конституциясига 30 йил» мавзусидаги халқаро парламент конференцияси бўлиб ўтмоқда.

Унда Марказий Осиё давлатлари, Россия Федерацияси, Эрон, Беларусь, Озарбайжон ҳамда Арманистон давлатларининг парламентлари раҳбарлари иштирок этмоқда.

Мазкур халқаро анжуман парламентлараро ҳамкорлик ва мулоқотни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган. Конференция давомида конституциявий-ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда миллий ва халқаро тажрибалар қиёсий таҳлил қилинади.

Шу билан бирга, миллий ва жаҳон конституциявий тараққиётида глобал жараёнларнинг моҳиятини аниқлаш ҳамда жамиятда конституциявий қадриятларни илгари суриш бўйича халқаро тажрибани ўрганиш ҳам кўзда тутилган.

Конференция доирасида Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон билан парламентлар раҳбарлари ўртасида кўп томонлама учрашув бўлиб ўтди.

Мазкур учрашувда Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстона алоқалар кенгайиб бораётгани, шу жумладан, парламентлараро ҳамкорлик янада ривожланаётганини таъкидлаб ўтди.

Н.Абдураимова,  

ЎзА