Литва Украинадаги маиший, ижтимоий инфратузилмани реконструкция қилиш ва ривожлантириш учун 13 миллион евро ажратди. Ҳукумат матбуот хизмати хабарида ушбу маблағ ёрдамида мамлакатни тиклашга қаратилган лойиҳалар молиялаштирилиши айтилган.
Литва молия вазири Гинтаре Скайсте таълим, энергетика ва бошқа муҳим соҳаларда Украинани фаол қўллаб-қувватлаш давом этаётганини таъкидлади. Шунингдек, халқаро ҳамкорлар украиналикларнинг хавфсиз ва фаровон келажакка ишончини мустаҳкамлаш учун ушбу саъй-ҳаракатга қўшилишга чақирилди.
2022 йилдан буён ушбу Болтиқ бўйи давлати Украинага ҳарбий, молиявий ва гуманитар ёрдам кўринишида жами 1,5 миллиард евро йўналтирган.
Жумладан, Бородянка ва Ирпендаги таълим муассасалари таъмирланди, “Келажак мактаби” лойиҳаси йўлга қўйилди, зиддият қурбонларини реабилитация қилиш дастурлари ишлаб чиқилди.