Эълон қилинган ҳисоботга кўра, шу йилнинг учинчи чорагида мамлакатимиз аэропортлари фаолиятида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан асосий кўрсатгичлар бўйича сезиларли ўсиш суръатлари қайд этилган. Бунда йўловчилар оқими, амалга оширилган парвозлар сони ва ташилган юк ҳажми ҳисобга олинган.
Хусусан, мамлакатимиз халқаро аэропортлари жорий йилнинг 9 ойи давомида 82 минг 637 та рейсни амалга оширган, шундан 24 минг 914 таси ички ва 57 минг 723 таси халқаро йўналишлар бўйича парвозлардир. Ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 36 фоизни ташкил этади. Шунингдек, ҳаво қатновларининг умумий сонидан 53 минг 942 таси маҳаллий ва 28 минг 695 таси хорижий авиакомпаниялар томонидан амалга оширилган.
Туризм соҳаси ҳам аста-секин коронавирус пандемияси оқибатларидан халос бўлмоқда. Илгари ёпилган парвозлар тикланиб, янгилари ёзлга қўйилмоқда, бу эса, йўловчилар оқимига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон аэропортлари 9 миллион 893 минг 947 нафар йўловчига хизмат кўрсатган, улардан 1 миллион 871 минг 659 нафари ички парвозлар, 8 миллион 22 минг 288 нафари эса халқаро парвозлар хизматидан фойдаланган.
Ўсиш суръати 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 33 фоизни ташкил этди.
Шунингдек, жорий йилнинг учинчи чорагида 62 067 тонна юк ташиш ва почта хизматлари кўрсатилган бўлиб, бу ўтган йилги кўрсаткичлардан 21 фоизга кўпдир.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА