Соҳа вакилларининг таъкидлашича, “UNCCD COP 16” қурғоқчиликка чидамлилик бўйича глобал ҳамкорликнинг янги даврини бошлаб, ерни қайта тиклаш жараёнини кенгайтиради ва тезлаштиради.

Жорий йилнинг 2 декабридан 13 декабрига қадар Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси (UNCCD) тарафлари конференциясининг 16-сессияси (COP 16) бўлиб ўтади. Унда бутун дунё эътибори қурғоқчилик ва чўлланишга қарши курашга қаратилади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ўтган 2023 йилнинг 13-17-ноябрь кунлари БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси (UNCCD) бажарилишини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси (CRIC-21)га мезбонлик қилган эди.

Унда ерни барқарор бошқариш, қурғоқчиликка чидамлиликни ошириш, барқарор қишлоқ хўжалигида аёллар етакчилигини қўллаб-қувватлаш, ер деградацияси ва унинг олдини олишга қаратилган тадбирларни молиялаштириш ҳамда иқлим ўзгариши билан боғлиқ мажбурий миграцияга қарши курашишда стратегик мақсадларни амалга ошириш борасидаги муаммолар ва имкониятлар кўриб чиқилган.

Шунингдек, Саудия Арабистонида ўтказиладиган COP 16 да Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган Чанг ва қум бўронлари бўйича Самарқанд декларациясини кўриб чиқиш таклиф қилинди.

COP 16 “Бизнинг диёримиз. Бизнинг келажагимиз” шиори остида 197 томон (196 мамлакат ва Европа Иттифоқи) экспертлар ва фуқаролик жамияти вакилларини бирлаштиради.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, COP 16 давомида бир қанча долзарб масалалар кўзда тутилган қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда.

Хусусан, 2030 йилгача ва ундан кейинги йилларда деградацияга учраган ерларни тиклашни жадаллаштириш, ўсиб бораётган қурғоқчилик ва қум-чанг бўронларига қаршиликни кучайтириш, ерларни қайта тиклаш ва табиий озиқ-овқат ишлаб чиқаришни кўпайтириш, ерга бўлган ҳуқуқларни таъминлаш ва ер бошқарувида ёшлар учун муносиб иш ўринларини яратиш шулар жумласидандир.

Тадбир давомида етакчи давлатлар саммити ўтказилади. Унда давлат раҳбарлари, тадбиркорлар ва жаҳон етакчилари глобал ва минтақавий даражада чўлланиш, ерларнинг деградацияси ва қурғоқчилик муаммоларига ечим излашади. Шунингдек, турли тақдимотлар, маърузалар, экологик муаммоларга қарши курашда ёшларнинг ўрни, гендер масалаларига ҳам эътибор қаратилади.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, ҳозирги вақтда дунёнинг 40 фоизга яқин ери деградацияга учраган. Бу 3,2 миллиард инсонга бевосита таъсир кўрсатмоқда.

Қурғоқчилик даражаси 2000 йилдан буён 29 фоизга ошди ва 2050 йилга келиб дунё аҳолисининг 4/3 қисми қурғоқчиликка дучор бўлиши мумкин. Бундан ташқари, ҳар йили камида 100 миллион гектар соғлом, унумдор ерлар йўқотилмоқда.

Қурғоқчиликдан азият чекаётганларнинг 85 фоизи ривожланаётган мамлакатларда яшайди. Агар вазият шундай давом этса, 2030 йилгача ер деградациясидан холи дунёга эришиш учун 1,5 миллиард гектар ерни қайта тиклаш керак бўлади.

Бир миллиард нафар ёш ер ва табиий ресурсларга боғлиқ бўлган ривожланаётган ҳудудларда яшайди. Бу эса ерни қайта тиклаш бўйича глобал мажбуриятларни бажариш учун ёшларни жалб қилиш лозимлигини англатади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА