9 октябрь – Бутунжаҳон почта куни

Почта одамлар ўртасидаги алоқа ва ахборот алмашишнинг асосий воситаларидан биридир. У нафақат шахсий хатлар ва пакетларни юбориш, балки бизнес ва тижорат алоқалари учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги кунда почта тизими тез ривожланмоқда. Рақамли технологиялар ва интернетнинг пайдо бўлиши почта хизматларини янгилашга олиб келди. Масофавий хизматлар, онлайн буюртмалар ва тезкор етказиб бериш тизимлари орқали почта хизматлари янада қулай ва тезкор бўлди.

9 октябрь – Бутунжаҳон почта куни. Ушбу кун 1969 йилдан бошлаб кенг нишонланади. Ўзбекистон Республикаси 1994 йилда Бутунжаҳон почта иттифоқига аъзо бўлиши, мамлакатимизнинг халқаро почта алмашинувига кириш учун муҳим қадам бўлди.

Соҳага берилаётган эътибор ва салоҳиятли кадрлар меҳнати туфайли Ўзбекистоннинг рақамли инфратузилмаси янада ривожланиб бормоқда.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “Ўзбекистон почтаси” АЖ бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсда ҳам энг муҳим почта хизматларини амалга оширмоқда. Жамиятнинг 7,5 минг нафардан зиёд ходими, 14 та ҳудудий ва 4 та ихтисослаштирилган филиали, 161 та боғламаси ҳамда 1 603 та алоқа бўлими фаолият кўрсатмоқда. Улар орқали Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудларига ҳам ахборот алмашинуви ва жўнатмалар етказилишини таъминлаб келинмоқда.

М.ҲОЖИАКБАРОВА, ЎзА