“Ўзбекэкспомарказ” кўргазмалар мажмуасида меҳмондўстлик ва ресторан бизнесига бағишланган “HORECA EXPO UZBEKISTAN 2024” I Халқаро махсус кўргазманинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Кўргазмада Марказий Осиё, Европадан ва Осиёдан 50 нафардан ортиқ иштирокчи ўз меҳмонхона бизнеси ва ресторан саноатидаги сўнгги ютуқларини намойиш этди. HoReCa соҳасида хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга ёрдам берадиган маҳсулотлар ва технологиялар, жумладан, ускуналар, IT-ечимлар ва инновацион гастрономик маҳсулотлар билан танишиш имкониятига эга бўлди.
Мутахассислар “HORECA EXPO UZBEKISTAN 2024” соҳа профессионаллари учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилишини, Ўзбекистон, Туркия, Россия, Германия ва бошқа мамлакатлардан ташриф буюрган қатнашувчиларда тажриба алмашиш ва ҳамкорлик келишувлари тузиш учун ноёб имкониятлар яратишини таъкидлади.
Шунингдек, кўргазма доирасида меҳмондўстлик соҳасида “Инновацион тенденциялар” мавзусида халқаро конференция ҳам ўтказилди. Экспертлар ўртасида бошқарув стратегиялари, маркетинг ёндашувлари ва HoReCa саноатидаги замонавий технологияларга оид муҳим масалалар муҳокама қилинди. Экотехнологиялар, рақамли ечимлар ва меҳмонхона бизнесида инклюзивликка бағишланган мавзули сессиялар тақдим этилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА