Австралиянинг дунё бўйлаб фаолият олиб борадиган “Кантас” авиакомпанияси парвоз вақтидаги “ноқулайлик” учун узр сўраб чиқди.

Маълум бўлишича, ўтган ҳафта Сиднейдан Токионинг Ханеда аэропортига қараб учган самолётнинг кўнгил очар дастури тизимида техник муаммо юзага келган. Яъни, йўловчилар ўзига маъқул, энг аввало ёшига мос фильмлар  танлай олмаган.

– Экипаж аъзолари барча мониторларга узатса бўладиган киноларнинг чекланган рўйхатига эга эди, – дейилган баёнотда. – Бир неча йўловчи сўрови асосида бутун парвоз учун муайян фильмлар танлаб олинди.

“Кантас” ҳисоботида фильм номи айтилмаган бўлса-да, даъво қилган йўловчилар ижтимоий тармоққа жойлаштирган, самолёт экранлари акс этган бир неча суратдан ҳаво кемаси саҳнида қайси фильм қўйилганини бемалол англаса бўлади.

Дакота Жонсон ва Шон Пенн иштирокида 2023 йил яратилган драма АҚШ Кинофильмлари ассоциацияси томонидан “маҳсулотга алоқадор тил, жинсий материал ва қисқача график беҳаёлик учун” белгиланган “Р” тоифали фильм сифатида баҳоланган.

Манбага кўра, кинони қулоқчинсиз, монитордаги матн орқали том маънода ўқиш мумкин бўлган. Натижада ёш-қарини бирлаштирган учоқда “хижолатли вазият”ни юзага келтирган.

– Болалар учун мос фильмга ўтиш учун, деярли, бир соат вақт керак бўлди, – дейди йўловчилардан бири. – Афсуски, ҳамма учун жуда ноқулай бўлди, чунки оилалар, болалар бор эди.

“Кантас” баёнотида экипаж дастлаб фильмни томоша қилишни истамаган мижозлар учун экранни тузатишга ҳаракат қилганини билдирган. Муаммо бартараф этилмагач, ноилож, рўйхат болалар киносига ўзгартирилган.

Авиакомпания таъкидлашича, жамоа йўловчилар, айниқса “дастурдан шикоят қилганлар”дан узр сўраган.

– Фильм бутун парвоз давомида кўриш учун яроқсиз эди ва биз бу тажриба учун мижозлардан чин дилдан узр сўраймиз, – деди компания вакили.

Мусулмон Зиё, ЎзА