Давлат бюджетига божхона тўловларини тўламаслик мақсадида йирик миқдордаги импорт товарларни чегара божхона постлари орқали йўл юк-кузатув ҳужжатларида кўрсатмасдан олиб киришга уриниш ҳолатлари аниқланди.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Довут-ота” чегара божхона пости орқали Россия Федерациясидан мамлакатимизга кириб келган “МАN” русумли автотранспорт воситаси хавфни бошқариш тизими орқали “қизил” йўлакка йўналтирилганлиги сабабли Нукус шаҳрида жойлашган божхона омборида ушбу транспорт воситасига ортилган товарлар божхона кўригидан ўтказилди. Натижада юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, масъулияти чекланган жамият номига олиб келинган ва йўл юк-кузатув ҳужжатларида кўрсатилганидан ортиқча бўлган умумий баҳоси 512 миллион сўмга тенг 574 дона “кир қуритгич” товари борлиги аниқланди.

Яна худди шундай бир ҳолатда “Нукус ТИФ” божхона постида “Компрессор ускуналари тўплами учун қувурлар” товарларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш мақсадида тақдим қилинган божхона юк декларацияси “қизил йўлак”га йўналтирилганлиги сабабли, божхона кўригидан ўтказилди. Натижада товар ТИФ ТН коди ўзгартирилиб тақдим қилинганлиги аниқланиб, 397 миллион сўм қўшимча божхона тўлови ундирилиши ҳисобланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.