Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, таниқли журналист Ўрозбой Абдураҳмонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон ва шоира Зебо Мирзо билан учрашув бўлиб ўтди. Филиал раҳбарияти таниқли ижодкорларни эҳтиром билан қарши олди.
Тадбирда Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, филология фанлари номзоди А.Абдиев, Ў.Абдураҳмонов, Р.Мусурмон ва Зебо Мирзо сўзга чиқиб бугунги кунда юртимизда адабиёт ва маънавиятни янада юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб, ёшлар қалбида миллий адабиётимизга бўлган меҳр-муҳаббатни янада кучайтириш мақсадида республикамиз бўйлаб ташкил этилаётган “Маърифат улашиб” лойиҳасининг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Учрашувда меҳмонлар ижод ва ҳаёт тажрибаларини ўртоқлашди. Шоира Зебо Мирзо Нукус шаҳридаги 33-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, ўқувчилар билан суҳбатлашди.
Учрашувлардан сўнг лойиҳа доирасидаги тадбирларга старт берилди. Талаба-ёшларни адибларнинг ижоди билан янада яқиндан таништириш учун “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди. Унда иштирокчи жамоалар меҳмонларнинг ижодий фаолиятидан тузилган қизиқарли саволларга жавоб излашди. Шунингдек, зукко талабалар иштирокида “Мунозара” дебат ўйини ўтказилди.
Тадбирнинг якуний қисмида эса меҳмонлар ва талаба-ёшлар гулхан атрофида жам бўлиб, шеърият, адабиёт ҳақида ижобий фикр-мулоҳазалар билдирди. “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирлар талаба-ёшларда катта таассурот қолдирди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.