Шу кунларда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ходимлари Туркия Дори воситалари ва тиббий буюмлари агентлиги томонидан ташкиллаштирилган ўқув курси доирасида Туркия ва Европа Иттифоқи мамлакатлари мисолида тиббий буюмлар ва тиббий техникаларни давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек, постмаркетинг назоратини самарали ташкил этиш бўйича малака оширмоқда.
«Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасаси ахборот хизмати хабарида таъкидланишича, мазкур ўқув курсининг мақсади – миллий тартибга солиш тизимини такомиллаштириш, глобал тажрибаларни ўрганиш, шунингдек, постмаркетинг назорати тизимини амалиётга татбиқ этишдир.
Курс давомида иштирокчилар Туркия ва Европа Иттифоқи давлатларидаги меъёрий ҳужжатлар, давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнлари ва постмаркетинг назорати бўйича амалий билимларни ўзлаштирмоқда.
Ўқув курси, айниқса, соҳанинг халқаро миқёсдаги ривожи ва замонавий талабларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонда тиббий буюмлар назорат тизимини такомиллаштириш учун муҳим аҳамият касб этади. Бу ўз навбатида, мамлакатимизда аҳолининг соғлиғини ҳимоя қилиш, хавфсиз ва сифатли тиббий буюмлар етказиб беришга хизмат қилади.
М.Қосимова, ЎзА