НАТОнинг собиқ Бош котиби Йенс Столтенберг Мюнхен хавфсизлик конференцияси (MSC)га раислик қилади. Бу ҳақда “Анадолу” ёзган.

MSCда таъкидланганидек, Столтенберг 2025 йил февралдан мазкур лавозимда Кристоф Хойсген ўрнини эгаллайди.

– Столтенберг халқаро миқёсда ҳурматга сазовор дипломат, кўплаб муҳим масалаларда илғор фикрлайдиган етакчи, Қўшма Штатларда Президентнинг Эркинлик медалини олган кам сонли европаликлардан бири, – дейилган MSC баёнотида.

Ҳарбий-сиёсий тузилманинг собиқ раҳбари “мулоқот орқали тинчликка эришиш” миссиясига ҳисса қўшиш шараф эканини билдирди:

– Мюнхен хавфсизлик конференцияси каби халқаро платформалар жуда кам. Бундай тузилмалар можароларнинг олдини олиш, мулоқот ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадини  кўзлайди.

Столтенберг 2014-2024 йиллари НАТО Бош котиби лавозимида ишлаган. 1 октябрь куни у ваколатини Голландия собиқ Бош вазири Марк Рюттега топширди.

Норвегия ҳукумати бошлиғи сифатидаги 10 йиллик даврдан ташқари Столтенберг энергетика, иқтисодиёт ва молия вазири каби муҳим лавозимларда ишлаган.

Ҳар йил февраль ойида Мюнхенда MSC хавфсизлик сиёсати масалалари муҳокама этиладиган ушбу анжуман юқори нуфузли сиёсатчи, экспертлар, ҳарбийлар ва мудофаа саноати вакилларини бирлаштиради.

MSC 2025 йил 61-бор ўтказилади.